Андижондаги қийноқ воқеаси бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тамомланди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Май ойида Андижон шаҳар Ички ишлар органлари Фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари фуқаро Алижон Абдукаримовни ноқонуний ушлаб турган ҳолда иқрорлик кўрсатуви беришга мажбурлаш мақсадида зўрлик ишлатиб босим ўтказишган. Оқибатда Алижон Абдукаримов вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104 (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206 (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 227 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 234 (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ҳамда 235 (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан айб эълон қилиниб, 5 нафарига қамоққа олиш ва бир кишига нисбатан «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судига мазмунан кўриб чиқиш учун юборилди, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Шунингдек, Сенатнинг хабар беришича, Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириши бошқармаси (ФМБ) бошлиғи Содиқ Усмонов ички ишлар органлари тизимидан бўшатилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этганлиги юзасидан, 21 сентябрь куни, беш нафар собиқ ИИБ ходимига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилиб, жиноят юзасидан Олий суд ҳукми чиқарилган эди.