16 октябрь куни «Кўксарой» қароргоҳида хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон Ислом Республикаси, Украина, Италия Республикаси, Исроил Давлати, Покистон Ислом Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари Саид ал-Қамзий, Ҳамид Найрободий, Николай Дорошенко, Агостино Пинна, Зехавит Бен Хиллел, Саид Али Асад Ғилоний ва Маниш Прабхатдан ёрлиқларни қабул қилди.

Давлат раҳбари элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги шарафли ва масъулиятли вазифада катта муваффақиятлар тилади.

Президент янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар раҳбарларига БМТнинг бош органларидан бири — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда Ўзбекистон аъзолигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати.