14 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш ўтказди, унда Хитой ва Корея Республикаси билан биргаликда иқтисодий, сармоявий, гуманитар ва савдо-сотиқ лойиҳаларни амалга оширишдаги тараққиёт танқидий кўриб чиқилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мамлакат раҳбари вилоятлар ва тармоқлар раҳбарлари экспортнинг аҳамиятини ҳали ҳам тушунмаётганликларини ва уларнинг бу борадаги иш услублари замонавий талабларга жавоб бермаслигини таъкидлади.

«Кўп ҳокимлар, тармоқ раҳбарлари саноат масаласи билан шуғулланмаяпти. Корея, Хитой Республикаларига қайси маҳсулотларни экспорт қиляпмиз? Уларнинг импортида бизнинг улушимиз ҳамма соҳа бўйича қандай, деган саволларга аниқ жавоб йўқ. Ҳеч қандай йўналишлар бўйича янги таклифлар йўқ. Шароитни тушунмаяпсизлар, қандай муҳим даврда яшаяпмиз, қандай оғир синовлардан ўтяпмиз. Бизнинг тарихимизда бундай йил бўлмаган ҳеч қачон. Таҳликали замон десак ҳам тўғри бўлади», — дея таъкидлади президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, «биз ҳозирги шароитни тушунмаган одам билан ишлашга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ», дея таъкидлади. Давлат раҳбари Хитой ва Жанубий Кореяга экспорт қилиш имкониятларини таъкидлади.

«Биз яқинда Мун Чжэ Ин жаноблари билан гаплашдик. Ҳамма масалаларни ҳал қилиб бераман деди. Худди шундай, Хитойда шунча имкониятлар очилаяпти. Нимага ҳаракат қилмаяпмиз? Ким бизга ёрдам беради? Коронавирус бўлгани билан Европа ҳам, Осиё давлатлари ҳам, бизнинг ҳамкорларимиз ҳам — ҳаммаси иқтисодиётни тиклаш бўйича ҳаракат қилаяпти. Қайси тармоқ бўйича бир йилда иккита-учта қарор чиқармаяпмиз? Қайси тармоқ тўғрисида ҳар куни уч соат ўтириб муҳокама қилмаяпмиз? Нима дарди бўлса ҳаммасини ҳал қилаяпмиз. Қани энди натижа?» — деб сўради президент.

Йиғилишда бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва хорижий давлатлардаги элчилар экспорт ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги сусткашликни бартараф этиш чоралари тўғрисида ҳисобот беришди.

«Уч ой вақт қолди йил якунигача. Экспорт керак. Қандай йўл билан бўлса ҳам маҳсулотларни жўнатишимиз керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ «Газета.uz» дастлабки саккиз ой ичида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 24,5 млрд долларни ташкил этгани ва бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоизга паст эканлиги ҳақида хабар берган эди. Ушбу давр давомида экспорт ҳажми 4,1 фоизга камайиб, 11,6 млрд долларни, импорт эса 12,9 млрд долларни (19,1 фоиз) ташкил этди. Шу билан бирга, олтин сотиш ҳажми 5,8 млрд доллардан ошди ва мамлакат экспорт даромадларининг 50 фоизига тенг бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ХХР раиси Си Цзинпиннинг яқинда бўлиб ўтадиган расмий ташрифига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, йил охиригача Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин онлайн учрашув ўтказишлари режалаштирилган.