Ўзбекистонда ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳасида, Ўзбекистон ҳудудида ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва муомалага чиқаришни тартибга солувчи давлат органи сифатида Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ваколатли деб белгиланиши таъкидланган.

Шунингдек, Ўзбекистонда ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш, сукук қимматли қоғозлари ҳисобига молиялаштириш ссуда фоизисиз амалга оширилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, сукук қимматли қоғозлари — ислом молиялаштириш тамойилларига асосан чиқарилган, мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ва мулк ҳамда мулкий ҳуқуқдан фойдаланиш ва улардан фойдаланишдан олинадиган даромадлар, ушбу қимматли қоғозлар молиялаштирилиши мақсадида чиқарилган маълум лойиҳалар хизматлари ёки мол-мулкига бўлган бўлинмас ҳуқуқни тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳисобланади.

Шу билан бир қаторда, ушбу турдаги қоғозларнинг чиқарилиши учун махсус молиявий компания ташкил этилади.

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан,тегишли давлат органларига 2021 йилнинг 1 февралига қадар мамлакат ҳудудида сукук қимматли қоғозлари рисоласи, махсус молиявий компания фаолиятини ташкил этиш талаблари, сукук қимматли қоғозларини давлат рўйхатидан ўтказиш талабини кўзда тутадиган сукук қимматли қоғозларини чиқариш ва муомалага киритиш тартиби бўйича низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юклатилди.

Қарор лойиҳаси муҳокамалари 27 октябрга қадар давом этади.