Январь-сентябрь ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 6,3 фоизга ошди. 2019 йилнинг сентябрь ойигача нисбатан оладиган бўлсак, товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиши 11,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди.

Бу йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида нархларнинг энг кўп ўсиши апрель ойига тўғри келди (1,7%), нархларнинг умумий пасайиши, яъни дефляция ҳолати июнь (-0,2%) ва июль (-0,3%) ойларида кузатилди.

Товарлар ва хизматлар асосий гуруҳлари кесимида қараб ўтсак, январь-сентябрь ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари 3,1 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 2,1 фоизга, хизматлар 1,1 фоизга ошди. Ўтган йилнинг сентябрь ойига нисбатан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар, шунингдек, хизматлар нархларининг ўсиши мос равишда 7,5 фоиз, 2,8 фоиз ва 1,4 фоизни ташкил этди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг энг кўп ўсиш ҳолати апрель ойида кузатилди (1,4%) ва нархларнинг пасайиши июнь (-0,5%) ва июль (-0,6%) ойларига тўғри келди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари алоҳида гуруҳларга бўлинади: нон маҳсулотлари; гўшт, парранда гўшти ва балиқ; сут маҳсулотлари; мевалар, сабзавотлар ва картошка; шакар, чой ва бошқа маҳсулотлар; тухум; ёғ ва мойлар; алкоголсиз ичимликлар; спиртли ичимликлар.

Бу йилнинг январь-сентябрь ойларида нон маҳсулотлари нархлари ўсишининг энг юқори даражаси апрелда қайд этилиб, ушбу гуруҳ товарлари нархлари ўртача 4,3 фоизга кўтарилган. Ушбу гуруҳ нархларининг январь-сентябрь ойлари давомидаги ўртача ойлик ўсиш суръати 1,4 фоизни ташкил этди.

Гўшт, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотлари нархларининг ой давомидаги юқори ўсиши сентябрда (3,8%), паст суръатларда ўсиши эса январь, июнь ва июль ойларида қайд этилган (0,4 фоиздан). Гўшт маҳсулотлари нархлари ой давомида ўртача 3,8 фоизга (йил бошидан 14,2%) қимматлашди.

Бу йилнинг январь-сентябрида мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг ой давомидаги юқори ўсиши апрелда (6,6%), пасайиши эса июнь ойида (-8,4 фоизгага) қайд этилган. Сентябрь ойида гуруҳ нархларининг ўсиш суръати 3,0 фоизнини ташкил этди. Жорий йилнинг сентябрь ойида ушбу гуруҳ маҳсулотларидан анор (15,5%), карам (14,1%), шафтоли (14,2%) ва банан (14,0%) нархлари сезиларли даражада қимматлашди. Шу билан бир қаторда, помидор (-6,4%), булғор қалампири (-6,3%), лимон (-6,1%), олма (-1,4%) нархларининг арзонлашганлиги қайд этилди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг энг кўп ўсиш ҳолати сентябрь ойида кузатилди (0,4%) ва нархлар ўсишининг энг кичик қиймати январь ойига (0,1%) тўғри келди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари алоҳида гуруҳларга бўлинади: кийим-кечак; оёқ кийим; мато ва йигирилган иплар; маиший тўқимачилик маҳсулотлари; маданий моллар; қурилиш материаллари; дори-дармонлар; шахсий гигиена маҳсулотлари; автомобиллар учун ёқилғи; асосий маиший маҳсулотлар ва электр жиҳозлари; тамаки маҳсулотлари; заргарлик буюмлари; ювиш ва тозалаш воситалари; шахсий транспорт.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг ўртача ойлик ўсиш суръати 0,6 фоизни ташкил этди. 2020 йилнинг сентябрида ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг асосий гуруҳлари орасида нархларнинг ой давомида ўсиши бўйича етакчи ўрин автомобиллар учун ёқилғи нархларига тегишли бўлиб, бунда нархларнинг 3,4фоизга ўсиши кузатилган.

Хизматлар нархларининг ўзгариши

Хизматлар нархларининг энг кўп ўсиш ҳолати март ва май ойларида кузатилди (0,2 фоиздан), қолган ойларда нархларнинг ўсиши 0,1 фоиздан бўлди.

Хизматлар алоҳида гуруҳларга бўлинади: маиший хизматлар; уй-жой коммунал хизматлари; йўловчи ташиш транспорти хизматлари; алоқа хизматлари; маданият муассасалари хизматлари; спорт хизматлари; дам олиш хизматлари; тиббий хизматлар; таълим хизматлари.

Жорий йилнинг сентябрь ойида тарифларнинг ўсиши бўйича етакчилик йўловчи ташиш транспорти хизматларига тегишли бўлиб, нархлар ой давомида 1,6 фоизга, шу жумладан, ҳаво транспорти 0,9 фоизга, темир йўл транспорти 0,3 фоизга, автомобил транспорти хизматлари 2,1 фоизга қимматлашди. Пандемия шароитида аҳолининг тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида, мамлакатнинг давлат олий таълим муассасаларида шартнома асосида кундузги ўқиш учун таянч тўлов миқдорига чегирмалар қўлланилганлиги таълим соҳасидаги хизматлар умумий нархларининг ўртача 2,3 фоизга пасайишига олиб келди.

Умумий ҳисобда, бу йилнинг январь-сентябрь ойларида нархларнинг ўсиши бўйича етакчи поғоналарни давлат мактабгача таълим ташкилоти хизматлари (15,2%), дам олиш (8,8%), маиший хизматлар (8,3%), шунингдек, йўловчи ташиш транспорти хизматлари (8,0%) нархлари банд этди.