Президент 13 октябрь куни «Алоҳида таълим эхтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Мазкур қарор билан 2020−2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси, ушбу концепцияни 2020−2021 йииларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ҳамда Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланмоқда.

Концепция эришилган натижалар, мақсадли кўрсаткич ва тегишли даврга мўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиқиб, 2020 йилдан бошлаб ҳар йили тасдиқланадиган алоҳида «йўл харитаси» асосида босқичма-босқич амалга оширилади.

Концепция икки босқичда амалга оширилади:

2020-2022 йилларда:

  • инклюзив таълим тизими соҳасидаги норматив база такомиллаштирилади;
  • тизим учун малакали педагог кадрлар тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакаси оширилади;
  • инклюзив таълим жорий этилган муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланади, улар махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич ва бошқалар), зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, турли касбларга ўқитиш учун ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади;
  • соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳалар жорий этилади;
  • имконияти чекланган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив ўқитишнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш орқали аҳоли ўртасида ижобий ижтимоий муҳит шакллантирилади;
  • уларни камситиш, салбий муомалада бўлишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади;
  • инклюзив таълим тизими тажриба-синов тариқасида алоҳида таълим муассасаларининг фаолиятига жорий қилинади.

2023-2025 йилларда:

  • инклюзив таълим тизими босқичма-босқич бошқа умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилинади;
  • ҳар бир боланинг инклюзив таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади;
  • ўқитиш усуллари такомиллаштирилади ҳамда таълим жараёнига индивидуаллаштириш тамойиллари босқичма-босқич жорий этилади;
  • таълим жараёнида ўқувчиларни маънавий-аҳлоқий тарбиялашга, уларнинг жисмонан соғлом ва бақувват шаклланишига қаратилган чоралар кўрилади;
  • ўқувчиларнинг жисмоний ва ақлий эҳтиёжидан ҳамда таълим муассасаларининг географик жойлашувидан келиб чиқиб ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаб ва мактаб-интернатлар) сони оптималлаштирилади.

2021/2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида:

  • Шаҳарлар ҳамда Тошкент шаҳри туманларида жойлашган биттадан умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизимини жорий қилинади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан умумтаълим мактабида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфларни очилади.
  • Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб-ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган гуруҳлар ташкил этилади.

Мазкур таълим тизими бўйича эришилган ижобий тажриба республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич татбиқ этилади.