Сирдарё туманида газ идораси ходимига ўткир тиғли жисм билан оғир тан жароҳати етказилганлиги натижасида воқеа жойида вафот этган. Бош прокуратура ҳолат юзасидан маълумот берди.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, 9 октябрь куни тахминан соат 18:00 ларда «Сирдарётумангаз» МЧЖ метрология бўлими бошлиғи Ш.Қ. Сирдарё тумани, «Дўстлик» МФЙ да яшовчи фуқаро К.Ф.нинг хонадонига газ истеъмоли учун қарздорликни ундириш мақсадида келган.

Шу жараёнда улар ўртасида вужудга келган ўзаро жанжал оқибатида дастлаб газ идораси ходими Ш.Қ. пичоқ билан К.Ф.нинг чап кўкрак қафасига бир маротаба урган, сўнгра К.Ф. ундан пичоқни олиб қўйиб Ш.Қ.нинг турли жойларига бир неча маротаба пичоқ уриб тан жароҳатлари етказган. Оқибатда Ш.Қ. воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ томонидан К.Ф.га нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш орқали жабрланувчининг ўлимига сабабчи бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинди.