Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида 8 ёшли қизга номаълум эркак томонидан ахлоқсиз ҳаракатлар амалга оширилди. Қизнинг онаси «Сукут сақлама» лойиҳаси томонидан эълон қилинган видеомурожаатида бу ҳақда маълум қилди.

Daryo.uz нашрининг ёзишича, 15 июль куни 8 ёшли қизи уйи яқинидаги дўконга чиққан. У ердан қизни номаълум эркак велосипедда 35-сонли мактабга олиб кетган. Қизалоқнинг айтишича, эркак уни мактаб ҳожатхонасига олиб кириб, ечинтирган ва ахлоқсиз ҳаракатларни амалга оширган. Уларни пайқаб қолган мактаб қоровулига эса, эркак қизалоқ синглиси эканлиги ва ҳожатга чиққиси келганини айтган. Шундан сўнг, эркак қизни велосипедга ўтқазиб, кўча бошига ташлаб кетган ва бу ҳақда онасига ҳеч нима демаслигини таъкидлаган.

Аёл бу бўйича Ички ишлар органларига мурожаат қилган. Қизалоқ суратлардан эркакни таниган. Экспертиза қизнинг танаси ва кийимларидан ҳеч қандай изларни топмаган. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи 28 ёшли маҳаллий фуқаро (олдин судланган, уйланмаган) бўлиб чиққан. Жиноятчини таниш вақтида у ўзига лезвия тортиб юборган.

«У шифохонага олиб борилди. Жароҳатлар тикилди. Тергов шу билан тугади. Икки ойдан бери бизни милицияга чақиришмаяпти. Айтишларича, далиллар жуда кам экан. Гувоҳлар етарли эмасмиш», — дейди қизнинг онаси.

Аёлнинг таъкидлашича, терговчиларнинг сўровига кўра, Гулистон давлат университетидан психологлари жалб қилинган ҳолда психологик экспертиза ўтказилган. Уларнинг хулосасига кўра, қизалоқнинг сўзларига ишониш мумкин.

«Кейинроқ маълум бўлишича, ушбу хулоса тўғри келмас экан… Охирги марта бизга республика даражасида психологик хулосани олишимиз кераклигини айтишди. Бу ёрдам беришига ишончим сўниб бормоқда. У эса туман кўчалари бўйлаб юрибди. Ҳеч қандай жазосиз юрибди. Мактаб стадиони орқали ишга қатнаяпти. Қизим ёлғиз қолса нима бўлишини ўйлашдан қўрқиб кетяпман… Адолатга бўлган ишончим сўниб бормоқда», — дейди аёл.

Сирдарё вилояти ИИБ мазкуз ҳолатга изоҳ берди. Бошқарма маълумотларга кўра, Сайхунобод тумани ИИО бошлиғи номига ёзилган ариза 15 июль куни келиб тушган.

«Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ушбу жиноятни Сайхунобод тумани „Гулбулоқ“ маҳалласи Ойбек кўчасида яшовчи, муқаддам судланган М.З содир этганлиги аниқланган. Фуқаро М.Знинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисмида назардат тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, 14 август куни унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган», — дейилади хабарда.

Ҳозирги кунда жиноят иши юзасидан Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.