15 октябрдан Тошкентда иситиш мавсуми бошланади, дея хабар қилди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг йигирма иккинчи сессиясида 2020−2021 йиллардаги иситиш мавсумини бошлаш масаласи депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Кенгаш қарорига кўра, 15 октябрдан Тошкент шаҳридаги ижтимоий объектларга, 17 октябрдан кўп қаватли хонадонларга иссиқлик таъминоти етказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, янги мавсумдан бошлаб пойтахтда марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар янги тартибда амалга оширилади. Унга кўра, иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв. метр иситиладиган майдон учун тўлов 142 сўмни ташкил этади, дейилади «Тошиссиққуввати» корхонаси хабарида.