Бу йилнинг январь-август ойлари якуни бўйича республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСA) 24,537 млрд AҚШ долларини ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,554 млрд долларига ёки 12,7 фоизга камайди. Экспорт ҳажми 11,6 млрд долларни, импорт ҳажми эса 12,9 млрд долларни ташкил қилди. 2019 йилнинг мос даврига нисбатан экспорт 4,1 фоизга, импорт 19,1 фоизга камайди. Ўзбекистон ташқи савдо баланси минус 1,32 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳакда Статистика қўмитаси маълумот берди.

Ҳозирги пайтда, республика 160 дан ортиқ давлатлар билан савдо алоқаларини ўрнатган. ТСАнинг йирик улуши Хитой (16,4%), Россия (14,6%), Қозоғистон (7,2%), Корея Республикаси (5,9%), Туркия (5,0%), Қирғизистон (2,3%) ва Германияда (2,0%) қайд этилган.

Январь-август ойлари давомида республикага энг кўп Хитой (2,838 млрд доллар), Россия Федерацияси (2,655 млрд доллар), Корея Республикасидан (1,42 млрд доллар) товарлар ва хизматлар олиб келинди, яъни импорт қилинди. Бу давр давомида Ўзбекистондан энг кўп Хитойга (1,19 млрд доллар), Россияга (934,1 млн доллар) ва Туркияга (556,1 млн доллар) товарлар ва хизматлар экспорт қилинди.

ТСА бўйича экспорт таркибида олтин улуши 50 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, экпорт ҳажмида саноат товарларнинг улуши 15 фоизга, хизматлар улуши эса 11,3 фоизга тўғри келмоқда. Хизматлар экспорти таркибида транспорт хизматлари 67,7 фоизни ташкил этди.

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (37,8%), саноат товарлари (17,1%) ҳамда кимёвий воситалар ва бошқа тоифаларга киритилмаган шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,8%) ҳисобига тўғри келди. Товарлар тўғрисида алоҳида айтадиган бўлсак, чўян ва пўлат (903,3 млн доллар), тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари (645,7 млн доллар), автомабилларнинг эҳтиёт қисмлари (608,9 млн доллар) импорт ҳажмида энг катта улушга эга.