9 октябрь куни соат тахминан 00:30 ларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Ўртасарой» МФЙ ҳудудида жойлашган от фермасида карантин қоидалари қўпол равишда бузилиши ва кўпчилик йиғилиб, таваккалчиликка асосланган ноқонуний хўроз ўйини ташкил этилаётгани аниқланди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати Тошкент вилоят ИИББ ахборот хизматига таянган ҳолда.

Шундан сўнг, вилоят ички ишлар органларининг тунги хизматга жалб этилган ходимлари, бош бошқарма тезкор хизматлари, ППХ ҳамда тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилади ва воқеа жойига борилади.

У ерда ҳақиқатдан ҳам 100 нафардан ортиқ фуқаролар иштирокида таваккалчиликка асосланган хўроз ўйини ташкил этилгани, воқеа жойида карантин қоидаларини қўпол равишда бузилгани, шунингдек, ферма ҳовлисида хизмат кўрсатаётган ноқонуний савдо шохобчасида истеъмол учун олиб келинган маҳсулотлар мутлақо санитария қоидаларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Шундан сўнг тадбир ходимлари томонидан ўйинларда иштирок этаётган жами 124 нафар шахслар қўлга олинган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўйин учун олиб келинган хўрозлар далилий ашё сифатида олинган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасини қўпол равишда бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув олиб борилмоқда.