Бугун Урал ҳудудидан кирган совуқ оқими республика ҳудудидан чекина бошлади. Ҳарорат кундузи 19−22 даражагача кўтарилади. Бироқ бу ҳали ҳамон меъёрдан 2−3 даражага пастдир, дея хабар берди Ўзгидромет.

Иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудудига хорижий жанубдан қуруқ ва иссиқ ҳаво оқими киришни бошлайди.

Бутун республика бўйича об-ҳаво кам булутли ва ёғингарчиликсиз бўлади.

Ҳарорат кўтарилиб бориб, кечаси 7−10 даража, кундузи 22−25 даража иссиқ бўлади. Синоптиклар хабарига кўра, бу иқлимий меъёрлардан 2−4 даражага юқоридир.