Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳаётга қайтариш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининнг «Одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш чоралари кучайтириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жамоат муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидан Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилади.

Шу билан бир қаторда, одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази учун ажратилган ўринлар сони 50 тага оширилади.

Шунингдек, қарор лойихасида, одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳар бири 30 ўринга мўлжалланган ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши белгилаб қўйилган.

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан тегишли давлат органларига одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказининг ҳудудий филиалларини белгиланган тартибда ташкил этиш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш вазифалари юклатилади.

Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 23 октябрга қадар давом этади.