Шимолий Корея раҳбари кўз ёшларини тўкиб хатолари учун кечирим сўради

Фото: naenara.com.kp

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин халқ олдида қилган хатолари учун кўз ёшларини тўкиб узр сўради. Таъкидланишича, КХДР раҳбари Корея Ишчилар партиясининг 75 йиллиги шарафига қилган нутқининг деярли учдан бир қисмида мамлакат халқига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у уларнинг ҳаётини яхшилай олмаганидан афсусда эканлигини айтди. «Халқимиз менга ишонар эди, уларнинг ишончи осмон қадар баланд ва денгиз каби чуқур эди, лекин мен ҳар доим ҳам уларнинг умидларини қондира олмадим. Чиндан ҳам афсусдаман», — деди Ким Чен Ин. — lenta.ru

Украина президенти ўз лавозимини тарк этишга тайёрлигини айтди

Фото: Украина президентининг матбуот хизмати

Украина президенти Владимир Зеленский BBC билан суҳбатда Донбассдаги урушни тугата олмаса, ўз лавозимини тарк этишга тайёрлигини эълон қилди. «Мен учун бу умуман муаммо эмас. Мен рейтинг ва кучга ёпишмаяпман. Aгар мен урушни тугата олмасам, у ҳолда бу фожиали воқеани тугатишга қодир бошқа одам келиши керак», — дея изоҳ берди Украина президенти. — ВВС

Қирғизистон собиқ президенти Сооронбай Жээнбековни истеъфога чиқишга чақирди

Фото: president.kg

Қирғизистоннинг собиқ президенти Aлмазбек Aтамбаев республиканинг амалдаги раҳбари Сооронбай Жээнбековни зудлик билан истеъфога чиқишга чақирди. «Сооронбай Жээнбеков Садир Жапаровга ваъда бергани каби зудлик билан истеъфога чиқиши керак. Ва барчамиз бунга эришишимиз керак. Aкс ҳолда, тез орада жуда кеч бўлади», — деб ёзган Aтамбаев баёнотида. Собиқ давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 5 октабрдаги тартибсизликлар ортидан «мухолифат лагерида келишмовчиликлар бошланиб, раҳбарлар бир-бири билан зиддиятда бўлганларида, улар асосий нарсани қўлдан бой беришди… Сооронбай клан ёрдамида ўз позицияларини мустаҳкамлай бошлади». — РИА Новости

Хитойда Циндао шаҳрининг бутун аҳолиси коронавирусга текширилади

Хитойнинг Циндао шаҳри ҳокимияти бутун аҳолини коронавирусига текширади. Шаҳарда тўққиз миллион киши истиқомат қилади. Бунга касалликнинг янги аниқланиш ҳолатлари сабаб бўлди. Зарарланганлар асосан чет элдан қайтиб келган хитойликлар даволанадиган касалхонада аниқланди. Aниқланган ҳолатларнинг ярмида касаллик симптомлари кузатилмади. — lenta.ru

Беларусдаги намойишларда бир кун ичида 600 киши ҳибсга олинди

11 октябрь куни Беларусда август ойидаги президентлик сайловлари натижаларидан норози бўлганларнинг «Ғурур марши» бўлиб ўтди. Мамлакат бўйлаб полиция 600 кишини ҳибсга олди. Беларуснинг «Весна» инсон ҳуқуқлари маркази сайтида ҳибсга олинганларнинг рўйхати доимий равишда янгиланади. — Газета.uz

Эмомали Раҳмон президентлик сайловларда ғолиб бўлди

11 октябрь куни Тожикистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида амалдаги президент Эмомали Раҳмон 90,92% овоз билан ғолиб бўлди. Сайловда қатнашиш кўрсаткичи 85,39% ни ташкил қилди, яъни рўйхатдан ўтказилган 4,9 миллион фуқародан 4,2 миллион нафари сайловларда иштирок этди. Шулардан 90,92%, яъни 3,8 миллион қатнашчи Эмомали Раҳмонга овоз берган. — Газета.uz

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти аукционлар назарияси учун топширилди

Америкалик Пол Милгром ва Роберт Уилсонлар аукционлар (ким ошди савдоси) назариясини такомиллаштиргани ва аукционнинг янги форматларини ихтиро қилгани учун Алфред Нобель хотирасига бағишланган Швеция давлат банкининг иқтисодиёт учун мукофотига сазовор бўлишди. — Газета.uz