Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов шу йил 11 октябрь куни 69 ёшида вафот этди, дея хабар қилди уюшма матбуот хизмати.

Саъдулла Ҳакимов 1951 йили Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. 1977 йили Тошкент давлат (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик, «Ўзбекистонда социал таъминот» журнали масъул котиби, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бўлим мудири, масъул котиб, бош муҳаррир, «Маърифат» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлиги бош директори, Президент девони ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, президентнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари каби вазифаларида меҳнат қилди.

Журналистлар уюшмасига 2016 йил 29 декабрдан бери раҳбарлик қилиб келаётган эди.