Фото: Хамдам Шарахмедов / «Газета.uz»
«Мен маймунларга творогли пишириқлар тайёрлайман». Ҳайвонот боғи ходимлари ўз ишлари ҳақида
Тошкент ҳайвонот боғининг кўплаб ходимлари севимли жониворларига шунчалик боғланишганки, улар ўз ҳаётларини ишларисиз тасаввур қила олмайдилар. Биз улар билан суҳбатлашдик ва шер нима учун бу қадар семизлигини, пластик қандай хавф туғдиришини ва ҳайвонот боғи ҳайвонларга нисбатан ташриф буюрувчилар томонидан қандай муносабатни кўришни исташини билиб олдик.
Вольерлар ҳолати туфайли Тошкент ҳайвонот боғи кўпинча ташриф буюрувчиларнинг танқидига учрайди. Ҳайвонот боғи халқаро талабларга жавоб бермаслигини унинг реконструкциясига жалб қилинган немис экспертлари ҳам таъкидлашган.

Бироқ, у ерда ўнлаб йиллар давомида ишлаётган Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари ҳақиқатан ҳам ҳайвонларни яхши кўришади. Биз улар билан суҳбатлашдик ва жонзотларнинг феъли, уларнинг одатлари ва овқатланиш хусусиятлари ҳақида билиб олдик.

Мақоладаги фотосуратларга изоҳларни кўриш учун уларнинг устига босинг.

Машкура Абдуллаева
«Приматлар» бўлими ходими
«Мен маймунларга творогли пишириқлар тайёрлайман»
Мен ҳайвонот боғида 22 йилдан бери ишлайман, шундан 17 йилини маймунларга қарашга бағишладим. Болаларим кичкина бўлгани учун уйга яқин жойда бўлган иш изладим ва бу ерга келдим. Шу йиллар ичида қанча маймунларни боқдим, ўстирдим. Охиргиси – орангутан.

Ўтган йили уни чегарада контрабандачилар қўлидан қутқаришган (қора бозорда орангутан нархи 50-70 минг AҚШ долларини ташкил этади – таҳр.). Ҳайвонот боғига олиб келишди: жунлари оз, қўлларида яралари бор, зўрға нафас олади ва доим бошини ушлаб туради.
қора бозорда орангутан нархи 50-70 минг AҚШ долларини ташкил этади
Тирик қолиши учун исмини Цезарь қўйдик. У улғайиб, етакчига айланди.
Цезарь зудлик билан изоляцияланган хонада 120 кунлик карантинга жойлаштирилди.
У ерга диван қўйдик, илиқ бўлиши учун ётоқ гиламчасини тўшадик. Цезарь қаттиқ ҳолдан тойган эди. Уни болалар аралашмаси билан шиша идишдан овқатлантирдик.

Бўлим ходимлари орангутанни парвариш қилиш учун навбатма-навбат тунги навбатчиликда қолишди: унга аскорбин кислотасини бердик, яраларига вазелин суртдик.
Мен эркин аёлман – эрим йўқ, болаларим менинг ишимга аралашишмайди – шунинг учун мен ҳеч қандай муаммосиз навбатчиликда қолардим. Ҳамкасбимнинг рафиқаси баъзида норози бўларди.

Уч ойдан сўнг Цезарь кучга кирди, бузғунчилик қилишни, атрофдаги ҳамма нарсаларни бузишни бошлади. Aммо биз хурсанд бўлдик: аввалига кичкинтойнинг ҳатто дарахтга тирмашиб чиқишга ҳам мадори йўқ эди, аммо энди унинг инстинктлари ва энергияси қайтди. Мен эрталаб келиб хонани тозалаб, Цезарни тувакка ўтқизардим. У жуда ақлли, ҳамма нарсани тушунади!
Цезарь қутида унинг энг яхши кўрган майизли конфетлари борлигини билади.
Цезарь тухумни яхши кўради: кунига икки маҳал беринг – икки маҳал ейди.
Орангутан оила аъзоси сингари яшади: биз тушлик учун ўзимизга макарон пиширсак, у атрофда айланиб, тиланиб олар эди. Албатта, уни эркалатардик, буғда пиширилган котлет ва дўлмалар билан бўлишардик. Ўша пайтда бўлим бошлиғи бўлган Камолиддин кириб келганида эса Цезарь уни ғалати товушлар чиқариб қўрқитарди. У Камолиддиннинг бошлиқ эканлигини ҳис қиларди ва ўзининг етакчилигини ҳимоя қиларди. Ҳозир орангутан қора қўлли гиббонлар билан вольерда яшайди, улар ҳам контрабандачилардан олинган.

Ёз пайтида биз ҳайвонларни кунига беш марта, қишда, кун ёруғлиги қисқарганда, уч марта овқатлантирамиз. Приматлар ширин сутли чойни яхши кўрадилар. Биз уларга банан, қайнатилган гўшт ва тухум берамиз. Цезарь тухумни яхши кўради: кунига икки маҳал беринг – икки маҳал ейди. Маймунлар узум, қовун, тарвуз, нок, шафтоли, олмаларни ҳам яхши кўришади – тоғорадан энг аввал шуларни танлаб олишади.
Мен газ печида ошқовоқни пишираман ва сабзини қайнатаман, шунда ширинроқ бўлади. Баъзида тишларини чархлаши учун хом сабзи ҳам бераман. Улар творогни ёқтирмайдилар, аммо бу маҳсулот кальций манбаи сифатида зарурдир. Мен творогга шакар, озгина нон қўшаман ва майда “ёнғоқча”лар ясайман – улар иштаҳа билан ейишади. Бундан ташқари, творогдан тайёрланган тоблама пишираман, приматлар уни севишади. Aммо маймунлар ақлли, улар меъёрни билишади ва ҳеч қачон ортиқча овқатланмайдилар.

Нодир Бахромов
«Йиртқичлар» бўлими мудири
«Бизнинг ишимиз саперникидан хавфлироқ»
Мен ҳеч қачон ҳайвонлар билан ишлайман деб ўйламаган эдим. Мутахассислигим бўйича мен қандолатчи ошпазман. Ҳайвонот боғига 18 ёшимда келганман, чунки бу ерда ҳарбий хизмат ўрнини босувчи муқобил хизмат бор эди. 12 йил давомида ишчи бўлиб ишладим, кейин зоотехник даражасига кўтарилдим ва уч йилдан сўнг бўлим бошлиғи бўлдим. 22 йил давомида бир марта ҳам ҳайфсан олмадим, аммо 10 дан ортиқ рағбатга сазовор бўлдим.
7 ойлик шер болалари
Жуфтлашиш мавсумида йўлбарслар ва шерлар олишишади. Бу ҳолат учун ҳайвонот боғида ёнғин гидранти ва шланг мавжуд.
Мен йиртқичлардан қўрқмайман, чунки кўпчилигини ўзим боқдим. Aгар ёшларни ота-оналаридан ажратиб қўйсак, унда ҳайвон болалари учун ҳам она, ҳам ота бўлиш керак. Уларни бир-биридан ажратиш керак. Биринчидан, катталар вольери хавфли. Масалан, мушукчалар чуқур сув ҳавзасига тушиб, чўкиб кетиши мумкин. Иккинчидан, урғочи болалари билан ўйнамайди, балки одамларга ишонмасликка ва ов қилишга ўргатади. Биз эса, аксинча, улар билан ўйнаймиз ва қўлга ўргатамиз, чунки агар ҳайвон қўрқса, у одамга ташланади ёки яширинади. Кичкинтойлар тишлари отилиб чиққанда ва онасини эмаётганида тишлай бошлагач, алоҳида вольерга ўтказилади. Йўлбарс ёки шер урғочиси бунақа пайтда ўзи тинчликни хоҳлаб қолади.

Бизнинг бўлимимизда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш муҳимдир: улғайган жониворларни силаш ёки уларга тегиниш мумкин эмас, махсус кийим танани тўлиқ ёпиши керак, вольерга фақат жуфт бўлиб кириш керак. Форс-мажор ҳолатлари ҳам юз беради. Масалан, йўлбарслар ва шерлар жуфтлашиш мавсумида олишишади. Бу ҳолат учун ҳайвонот боғида ёнғин гидранти ва шланг мавжуд. Биз муштумзўрларни сув ёрдамида ажратамиз, кейин бир-биридан алоҳида сақлаймиз.
Озиқлантиришда Тошкент ҳайвонот боғи Москва ҳайвонот боғи рациони асосида ишлаб чиқилган рационга риоя қилади. Бўлим ҳар куни омбордан сут, балиқ, мева, сабзавот, ширинликлар кўринишида 80-90 кг гўшт ва қўшимчалар олади.
Тана гўштини майдалаганда, дарҳол гўштни тақсимлаймиз: кимдир олд оёқни, кимдир қовурғани яхши кўради ва агар жониворларга улар ёқтирмаган бўлак берилса, овқат емаслиги ҳам мумкин. Ёзда йўлбарслар ва шерлар 2 кг камроқ гўшт олишади, чунки иссиқда иштаҳа пасаяди. Ҳатто баъзида овқат қолади ҳам.
Бўриларда меъёр йил давомида ўзгармайди – кунига 3 кг гўшт ва суяклар. Ойига икки марта жонли озуқа олиб келамиз: қуёнлар ва товуқлар. Йиртқичлар яхши иштаҳани сақлаб қолиши учун ҳафтада бир марта очлик ёки ярим очлик эълон қилинади.
Ҳайвонот боғи хусусий компаниянинг ишончли бошқарувига ўтказилганидан сўнг, биз фонд биржаси ва ғазнани четлаб ўтиб, ўз харидларимизни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Февраль ойидан бошлаб етказиб берувчилар озиқ-овқат маҳсулотларини бевосита бозорлардан ёки деҳқонлардан сотиб олишади. Биринчи тоифадаги гўшт (мушаклари яхши ривожланган тана гўшти, тери ости ёғ орқа ва пастки орқа қисмини ёки бутун тана гўштини қоплайди, қолган жойларда бўшлиқлар)ни Самарқанднинг ўзидан олиб келишади. Aммо йиртқичга, масалан, ейишлик нимадир отилса, у тўқ бўлса ҳам ушлайди ва ейди. Бу унинг учун жуда қизиқарли ўйин.
Махмуджон Қўзибоев, бош ветеринар шифокор
реклама
реклама
Баъзан одамлар ўзлари билмаган ҳолда ҳайвонларга зарарли маҳсулотлар едиришади. Масалан, бўрига нон ташлашади. Бўри ун маҳсулотлари унга мумкин эмаслигини билмайдику. Кейин унинг кўнгли айнийди, йиртқичларни даволаш эса мушкул. Таблетка ёки кукунларни гўшт ва сувга қўшиб берамиз, инъекция қилиш учун махсус қурол мавжуд. Бир гал, жанжалда, айиқ оёғини синдириб олди ва ветеринарлар унга гипс қўйиш учун ҳаракатсизлаштиришди.
Шеримиз эса, аксинча, жуда семиз, бу унчалик яхши эмас.
Ҳайвонот боғини шер оч қолгани учун тез-тез танқид қилишади. Aгар у ёнбошлаб ётиб олган бўлса, ташриф буюрувчилар: “Мана, шерга овқат беришмаяпти, шунинг учун у ётиб олган”, дейишади. Агар у юраётган бўлса, ҳар томондан “Мана, шер оч, у юриб, ўзига овқат излаяпти” деган гапларни эшитиш мумкин. Шеримиз эса, аксинча, жуда семиз, бу унчалик яхши эмас. Жонивор ётиб олишининг ҳар хил сабаблари бор. Масалан, Aмур йўлбарси ётибди, унинг жуфтлашиш мавсуми бошланди ва у нар йўлбарсга жуфтлашишга тайёрлигини кўрсатмоқда. Йўлбарс ичкарида, меҳмонлар ҳайвонот боғида бўлганида уни чиқармаймиз. Биз одамларни хижолат қилишни хоҳламаймиз.
Шернинг дам олишни хуш кўрадиган жойида ходимлар айвон қуришган
Одамлар кўпинча бизнинг ҳайвонларимиз оч қолишаётганини айтишади. Менимча, бу ҳайвонот боғининг умумий ҳолатидан келиб чиқиб, ясалган хулоса. Тор ва таъмирланмаган вольерлар фонида ҳар қандай жонзот бахтсиз бўлиб туюлади. Aгар йўлбарс ёки шер яхши боқилган бўлсада, лекин қуруқ лой устида ётса, ҳамма унга ҳамдардлик кўрсатади. Йиртқични тирик ўсимликлар билан очиқ осмон остидаги кенг қафасга жойлаштирсангиз, ҳеч ким унга ачинишни ўйламайди, чунки у ўзи туғилган муҳитга ўхшайди. Шу сабабли, кутилаётган реконструкция жуда муҳим, бу ҳайвонларни сақлаш шароитларини яхшилайди.
Фируза Мирсолихова, илмий ходим
Бизнинг бўлимимизда ходимлар тез-тез ўзгаришмайди. Мен ҳар доим айтаман: «Сапер бир марта хато қилади, шер эса — кўпзарядли қурол. Агар йиртқич ташқарига чиқса, атрофдаги барча зарар кўради, шунинг учун ҳам бизнинг касбимиз саперникидан хавфлироқ».

Сергей Бруевич
«Сувда сузувчи қушлар» бўлими зоотехниги
«Фламинголарни ҳурмат қилиш керак»
Мен ушбу ҳайвонот боғида етти йилдан бери ишлайман, ёшлигимда эса олдинги ҳайвонот боғида ишлаш имкони бўлган. У ерга тасодифан келиб қолганман. Мен геодезия ва картография техникумида ўқиганман, аммо ҳар хил белгилар, теодолитлар, нивелирлар бошланганда, ўқишимни қишлоқ хўжалиги коллежига кўчиришга қарор қилдим. Зоотехник қаерда иш топа олади? Албатта, ҳайвонот боғида.
Қушларни айланиб, кўздан кечирганимдан сўнг, емакларни тайёрлайман: балиқли қийма тайёрлайман, сабзи ва лавлагини қирғичдан чиқараман, ҳашаротлар ғумбакларидан сепаман. Сўнг вольерларни йиғиштириб, сув ҳавзаларини тозалайман.
Ҳозир БAAдан келган фламинголарни томоша қилиш қизиқ. Эски ҳайвонот боғи учун бу қушлар ёввойи табиатда овланиб, олиб келинган. Улар қўрқувлари билан ажралиб турардилар. Булар эса одамни нақд икки метргача яқинлашишига имкон беради.
Мотил
Chironomidae оиласига мансуб чивинлар чувалчангсимон қизил личинкаларнинг кенг тарқалган номи
Дафния
неокеан планктон қисқичбақасимонларнинг тури
Гаммарус
олий қисқичбақалар тури
1980-йилларнинг охирида фламинголар паст (баландлиги белгача) бўлган тўсиқ билан ҳовузда сақланар эди. Томошага келган одамлар қўйилган тўсиқ ортидан қушларга доимо бирор нарса отиб, оёқ-қўлларини жароҳатлашарди. Вақт ўтиши билан фламинголар йўқ бўлиб кетди.
Сергей Ларин, эски ҳайвонот боғининг собиқ ходими
Фламинголарни ҳурмат қилиш керак, уларга қараб тиккасига бориш мумкин эмас. Улар учун яхши шароитлар яратилган. Қишки бино иссиқ поллар билан қопланган, вольерда эса ўз аксларини кўриб, кўпчилик эканликларини тасаввур қилишлари учун кўзгулар ўрнатилган. Ахир, табиатда улар тўда-тўда бўлиб яшашади. Мен уларни ортиқча овқатлантирмасликка ҳаракат қиламан, фламинголарнинг оёқлари қалам сингари ингичка ва тана вазнини кўтариши керак. Умид қиламанки, бир йилдан сўнг қушлар кўпайишни бошлайди. Биз ҳатто сунъий уялар ясадик: лой билан сомонни аралаштирдик ва ошхона идишлари ёрдамида минорачалар ҳосил қилдик.
Карантинда биз одамларни соғиндик. Бўш ҳайвонот боғида фақат бир ёки икки кун яхши. Меҳмонлар яна йўлаклар бўйлаб юришни бошлашганида бошқача севиндик! Иш кунидан кейин мен ўзим баъзан фламинголар вольерига келиб, рангли қаламлар билан чизмалар чизаман.
Ботир Мақсудхўжаев
«Туёқлилар» бўлими бошлиғи
«Ташриф буюрувчилар ҳайвонот боғи ходимлари каби ҳайвонлар ҳақида қайғуришини истайман»
Ламаларнинг вольерини тозалаганимизда ҳар гал икки аравача, туялар вольеридан эса тўрт аравача гўнг чиқарамиз.
23 йил олдин мен ҳайвонот боғида оддий ишчи сифатида жойлашдим. Мен буни муқобил хизмат учун қилдим ва икки йилдан кейин кетолмадим – қанчадан-қанча туғруқ қабул қилдим, қанча кичкинтойларни ўстирдим. Туёқлилар бўлими кенг ҳудудни эгаллаган ва иши жуда кўп. Ламаларнинг вольерини тозалаганимизда ҳар гал икки аравача, туялар вольеридан эса тўрт аравача гўнг чиқарамиз. Бироқ, уддалаяпмиз.
Ҳар куни бир-икки соат давомида филни машқ қилдираман. Шу билан бирга, мен унинг оёқларини (тиқилиб қолган тошчалар йўқлигини), хартуми ва тишларини текшираман. Aгар филнинг кайфияти ёмон бўлса, унинг олдидан тезроқ кетган маъқул.
Одамлар менинг иш жойим ҳақида билишганда ижобий муносабат билдиришади. Бир марта “Корзинка” супермаркетидаги таниш кассир “Ботир ака, биздан филга бананларни етказиб қўйинг” дея 10 кг бананни бепул берди. Фил Путрининг ҳар доим емаги бор, аммо агар қўшимча мазали егулик берилса, у хурсанд бўлади.
Ҳар икки ойда бир марта зоотехниклар пони туёқларини махсус пичоқлар билан тозалайди, акс ҳолда улар қийшиқ ўсади. Ҳайвонот боғида массажни севувчи – ёввойи чўчқа Васька ҳам бор. Овқатланиш пайтида биз уни ҳар доим тараб турамиз, у эса хурсанд. Баъзида Васька ҳатто ходимни қўйиб юбормайди: чиқиш эшиги тагига кўндаланг ётиб олади, массаж қил демоқчи бўлади. Бир гал ўзим бир соат вольердан чиқолмаганман.

Шунингдек, мен бегемот Aброрнинг тишларини тозалайман (умуман олганда, унинг паспортига кўра исми Aврал). Табиатда бу ишни қушлар қилишади. Aгар сиз бегемотни озиқ-овқат қолдиғидан халос қилсангиз, унинг энг яқин дўстига айланасиз.
Туёқлилар ҳафтасига 400-500 кг тарвуз ва қовун, 1,5-2 тонна сабзавот ва мевалар истеъмол қилишади.
Илгари бўлимда тез-тез алмашинишлар бўлар эди: бир киши бир-икки кун ишлаб, ташлаб кетарди. Сабаби – кам иш ҳақи ва оғир жисмоний меҳнат. Aгар янги келган одамни бутун вольерга ёлғиз қўйилса, 2-3 арава йиғилган гўнгдан кейин у қўрқиб кетади.

Туёқлилар ҳафтасига 400-500 кг тарвуз ва қовун, 1,5-2 тонна сабзавот ва мевалар истеъмол қилишади. Омбордан оғир халталарни олиб келиб, ҳайвонларга тарқатиш учун уларни машиналарга юклаш лозим. Озиқлантириш учун ҳар куни эрталаб сабзавотларни майдалаб тўғраш керак. Бизда катта ванналар бор, тўғридан-тўғри шу ванналарнинг ичига тўғрайверамиз. Тўрт киши буни икки соат ичида бажаради. Эҳтимол, яқин кунларда майдалаш машинасини оламиз, шунда жараён 15 дақиқа вақтни олади.
реклама
реклама
Янги иш бошлаганлар ҳайвонларни ёқтирмаслиги мумкин ва бу яхши эмас. Масалан, ҳайвонот боғида ўрама шохли эчки Виталик (у ҳам Васька, ҳам Витюша) яшайди. Одатда у саломлашиш учун ёнимга югуради. Тўсатдан Виталикнинг югуриб келмаётганини ёки бўлмасам, тажовузкорлигини кўрсатаётганини пайқадим. Кузатишни бошладим. Бир куни мен ишчини вольерга кириб, овқат берганини ва эчкининг тумшуғи олдида супурги силкитиб, уни мазах қилаётганини кўрдим. Бундай пайтда ҳайвон ўрнидан туриб, ҳужумга тайёрланади. Мен ушбу ходим билан гаплашдим, бундай қилиш мумкин эмаслигини тушунтирдим. Сўнг у бошқа бўлимга ўтди ва кейин менимча, бутунлай кетган кўринади. Ҳозир у ҳайвонот боғида кўринмайди.

Баъзан ташриф буюрувчилар билан катта-кичик можаролар бўлиб туради. Ҳайвонот боғи ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади, аммо баъзи вольерларда боқилаётган ҳайвонларни овқатлантирмасликни огоҳлантирувчи ёзувлар осилган. Бу жонзот маълум бир рационга риоя қилиши кераклигини билдиради. Биз бу ҳайвонларга овқат ташлаш тақиқланганлигини мулойимлик билан тушунтирамиз, аммо баъзи одамлар “Қанақасига мумкин эмас? Мен бу емни сотиб олдим, ахир!” дея қўполлик қилишни бошлайдилар.
Пластик умуман катта муаммо. Бизда шу муаммо туфайли эчки, жундор қўй, кийик ўлди. Ҳайвонлар ёриб кўрилганда, 80% жониворларнинг ошқозонида бегона жисмлар борлиги аниқланди: пластик оғизлар, целлофан. Aгар одамлар пластик туфайли қанча туёқлиларнинг ўлишини билсалар, улар вольерга ахлат ташлашни тўхтатишса керак. Ташриф буюрувчилар ҳайвонот боғи ходимлари каби ҳайвонлар ҳақида қайғуришини истайман.
Ташриф буюрувчилар туёқли ҳайвонларни попкорн, чипс ва кириешки билан боқишни яхши кўрадилар. Ҳидли пакетлар ҳайвонлар томонидан истеъмол қилинадиган нарса сифатида қабул қилинади. Пластик идиш оғизлари ҳам жозибали кўринади. Aммо кавш қайтарувчи ҳайвонлар тўрт камерали ошқозонга эга бўлганлиги сабабли, ейилган пакет ҳеч қачон ташқарига чиқмайди, балки камерадан камерага ўтиб, тиқилиб қолади. Шунинг учун биз ҳайвонот боғи ҳудудида целлофан билан товарларни сотишни тақиқладик – қоғоз пакетлар ва картон стаканлардан фойдаланишни талаб қиламиз.
Махмуджон Қўзибоев, бош ветеринар шифокор
Абдуҳафиз Рустамов
Тошкент ҳайвонот боғи директор
«Ҳайвонот боғини катта ўзгаришлар кутмоқда»
Ҳайвонот боғини катта ўзгаришлар кутмоқда. Қайта қурилиш лойиҳаси деярли тайёр, ҳозир биз тўловлар ва инвестицияларни муҳокама қилиш босқичида турибмиз. Aттракционлар узоқроқ ҳудудимизга кўчиб ўтади, ҳайвонлар ва меҳмонлар учун шароит яхшиланади. Реконструкция вақтида тўлиқ ёпилишни режалаштирмаяпмиз, барчасини босқичма-босқич бажарамиз. Ҳозир мутахассисларимиз Тошкентга зебра, каркидон ва фил ҳамда жирафа учун жуфтлик олиб келиш устида ишлашмоқда. Сурхондарё ва Бухородан архар, мархур, сайғоқларни олиб келишни режалаштиряпмиз, шунда одамлар нафақат чет эл, балки ўзимизнинг ҳайвонларимизни ҳам кўришади.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Баъзи дарслар бизнинг ҳайвонот боғида ўтилишини истаймиз. Биз мактабларни транспорт ва гид билан таъминлаймиз, ўқувчилар ҳайвонларни дарсликлардан эмас, балки жонли равишда ўрганадилар. Телевизор ва монитор фақат расмни тақдим этади, аммо тегиниш имкониятини бермайди. Чет эл ҳайвонот боғларида кичкинтой меҳмонларга дўстона ҳайвонларга яқинлашиш ва уларни боқиш учун рухсат берилиши бежиз эмас. Бола шу йўл билан қўрқувдан халос бўлади. Эҳтимол, келажакда шунга ўхшаш нарса Тошкентда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Золим бўлиб ўсмаслиги учун болаларда ҳайвонларга бўлган муҳаббатни уйғотиш керак.
Матнни Екатерина Цой тайёрлади.
Суратлар муаллифи: Хамдам Шарахмедов.
Все права на материалы принадлежат изданию «Газета.uz».
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар “Газета.uz” нашрига тегишли.
“Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг