Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўрганишларга таяниб маълум қилинишича, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган.

«Ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйсак, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашсак, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлади. Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Шунинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. «Ижтимоий шартнома» орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

«Газета.uz» аввал хабар қилганидек, президент олий маълумот талаб қилинадиган лавозим ва касблар сонини камайтиришга топшириқ берди. Ҳозирда 2484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилади.