Ўзбекистон сиёсий партияларининг фракциялари «Фавқулодда ҳолат тўғрисида"ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади. «Газета.uz» жамоат муҳокамасига қўйилмаган ҳужжат лойиҳаси билан танишиб чиқди ва ундаги асосий фикрларни келтиради. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасининг сўнгги версиясига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Шунга ўхшаш қонун лойиҳаси 2016 йилда ишлаб чиқилган ва муҳокама учун олиб чиқилган, аммо охир-оқибат у қабул қилинмаган эди.

Қонун лойиҳаси 7 боб ва 35 моддадан иборат. Ҳужжатда келтирилишича, фавқулодда ҳолатни жорий этишнинг мақсадлари, уни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф қилиш, жамоат хавфсизлигини, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатнинг конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилишдан иборат.

Ҳужжатда қуйидаги тушунчаларга таъриф берилган:

комендантлик соати — махсус тақдим қилинган рухсатнома ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида ёхуд турар жойдан ташқарида бўлишга оид тақиқ ўрнатувчи сутканинг белгиланган вақти;

ўта муҳим ва тоифаланган объектлар — қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган, аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи ва стратегик аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий ташкилотлар, алоҳида иншоотлар
ва бошқа объектлар;

фавқулодда ҳолат — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва мазкур Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга қўшимча мажбуриятларни юклашга ёки уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари учун алоҳида чекловлар ўрнатишга йўл қўювчи Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ёки алоҳида маъмурий ҳудудларида вақтинчалик жорий этиладиган, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг мазкур Қонун билан ўрнатиладиган алоҳида ҳуқуқий режими;

фавқулодда ҳолат жорий этиладиган ҳудуд чегаралари — Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудини ёки алоҳида маъмурий ҳудудларини қамраб олувчи фавқулодда ҳолат режимининг амал қилиш доираси;

Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси — фавқулодда ҳолат жорий этиш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш ва фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудлардаги давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда ҳудуд комендатуралари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тузиладиган вақтинчалик махсус давлат бошқаруви органи;

ҳудуд коменданти — фавқулодда ҳолат жорий қилинган маъмурий ҳудудда ҳудуд комендатураси фаолиятига раҳбарлик қилувчи ҳамда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи куч ва воситаларнинг ягона бошқарувини амалга оширувчи мансабдор шахс;

ҳудуд комендатураси — фавқулодда ҳолат жорий этилган маъмурий ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи куч ва воситаларни бошқариш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган вақтинчалик махсус давлат бошқаруви органи.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газетаuz».

Фавқулодда ҳолат фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигига ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига бевосита таҳдид солувчи ҳамда фавқулодда чоралар кўрмасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган қуйидаги ҳолатлар юзага келганда жорий қилинади:

  • реал ташқи хавф, Ўзбекистоннинг конституциявий тузуми ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш, қуролли қўзғолон, оммавий тартибсизликлар, террорчилик ҳаракатлари, шунингдек фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигига, давлат органлари, бошқа ташкилотларнинг кундалик фаолиятига бевосита таҳдид соладиган зўравонлик ҳаракатларини ўзида ифода этиш билан боғлиқ бўлган ўта муҳим ва тоифаланган объектлар ёки алоҳида жойларни тўсиш ёки қўлга олиш ҳаракатлари, ноқонуний қуролли тузилмаларни тайёрлаш ва уларнинг фаолият кўрсатиши ҳолатлари ҳамда миллатлараро, конфессиялараро ва чегаравий низолар;
  • йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар ҳамда кенг қамровли авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга оширишни талаб қилувчи бошқа табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар, фавқулодда экологик вазиятлар.

Фавқулодда ҳолат Ўзбекистон президентининг фармони билан мамлакатнинг бутун ҳудудида ёки алоҳида маъмурий ҳудудларида жорий этилади. Ўзбекистон президентининг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги фармони уч сутка мобайнида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига тасдиқлаш учун киритилади. Ўзбекистон президентининг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги фармони дарҳол оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилганда Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилиши мумкин эмас, дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 30 суткадан, унинг алоҳида маъмурий ҳудудларида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 60 суткадан ошиши мумкин эмас. Муддат тугаши билан фавқулодда ҳолат тугатилган деб ҳисобланади. Ушбу муддат мобайнида фавқулодда ҳолатни жорий этишдан кўзланган мақсадга эришилмаган ҳолларда, унинг амал қилиш муддати президент фармони билан узайтирилиши мумкин.

Фавқулодда ҳолатда қўлланиладиган чоралар ва чекловлар

Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz».

Ўзбекистон президентининг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги Фармони билан фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар қўлланилиши мумкин:

  • комендантлик соатини жорий этиш;
  • карантин жорий этиш, санитария ва эпидемияга қарши, ветеринария
    ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;
  • жамоат тартибини сақлаш, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар ҳамда аҳолининг ҳаётий фаолиятини таъминловчи объектларнинг қўриқланишини кучайтириш;
  • Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, буюмлари, турар жой ва транспорт воситаларини текширувдан ўтказиш;
  • фавқулодда ҳолат режимини бузаётган ва фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда яшамайдиган шахсларни ўз ҳисобидан, маблағлари бўлмаган тақдирда кейинчалик суд тартибида қоплаш шарти билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мазкур ҳудуддан чиқариб юбориш;
  • аҳолини вақтинчалик стационар ёки кўчма турар жойлар билан мажбурий равишда таъминлаган ҳолда хавфсиз ҳудудларга кўчириш;
  • моддий ва маданий бойликларнинг йўқ қилиниши, ўғирланиши
    ёки шикастланишига таҳдид мавжуд бўлган тақдирда, уларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, кўчмас объектлари бўйича эса сақлашга доир тегишли чораларни кўриш;
  • фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф этишга тўсқинлик қилувчи сиёсий партиялар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш;
  • давлат захираларини жалб қилиш, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ташкилотларнинг ресурсларини сафарбар этиш, уларнинг иш тартибини ўзгартириш, ушбу ташкилотларни фавқулодда ҳолат шароитларида зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қайта ихтисослаштириш ва ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятига бошқа зарурий ўзгартиришлар киритиш;
  • авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ҳамда таъминлаш зарурияти билан боғлиқ бўлган истисно ҳолларда, меҳнат муҳофазаси талабларига мажбурий риоя қилган ҳолда меҳнатга лаёқатли аҳолини, юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини мазкур ишларни амалга оширишга жалб этиш;
  • озиқ-овқат, дори-дармон ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиш, харид қилиш ва тақсимлашнинг алоҳида тартибини белгилаш;
  • махсус воситалар, заҳарли моддаларни сотишни тақиқлаш, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар бўлган дори воситалари ва препаратлар, этил спирти, алкоголь маҳсулотлари айланмасининг алоҳида тартибини белгилаш. Истисно ҳолларда, фуқаролардан қурол ва ўқ-дорилар, ташкилотлардан эса қурол, ўқ-дорилар, махсус воситалар ва заҳарли моддалар, шунингдек жанговар ва ўқув-жанговар (ўқув) техника, портловчи ва радиоактив моддаларни вақтинчалик олиб қўйиш;
  • фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудларда давлат бошқаруви органлари (уларнинг таркибий бўлинмалари) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;
  • портловчи, радиоактив, кимёвий ва биологик хавфли моддалардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқаришлар ва ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш;
  • фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд бўйича ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш, мазкур ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида тартибини жорий қилиш, ушбу ҳудудда, зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириб келиши ва бўлишига чекловлар жорий этиш;
  • транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ва уларни текширишни кучайтириш;
  • фаолиятнинг айрим турларини, жумладан товарлар, ишлар ва хизматларни амалга оширишга чекловлар ўрнатиш;
  • йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар, шунингдек бошқа оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлаш ёки чеклаш;
  • оммавий ахборот воситалари фаолиятини шартлари ва тартиби кўрсатилган ҳолда чеклаш, шунингдек, нашр маҳсулотларини, радиоузатувчи, овоз кучайтирувчи воситалар, нусха кўпайтириш техникасини вақтинчалик олиб қўйиш ёки хатловга олиш, журналистларни аккредитациялашнинг алоҳида тартибини белгилаш.

Фавқулодда ҳолатни жорий этиш ҳолатларидан келиб чиқиб, чора-тадбирларнинг бутун мажмуи ёки уларнинг айримлари жорий этилади.

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг бутун амал қилиш муддати мобайнида сайловлар ва референдум ўтказилмайди.

Сайланган тегишли давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахслар ваколат муддати фавқулодда ҳолат даврида тугаган тақдирда, мазкур органлар ва шахсларнинг ваколат муддати ушбу Қонунда белгиланган тартибда тўхтатиб турилмаса, фавқулодда ҳолат даври тугагунига қадар узайтирилади.

Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, шунингдек фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг куч ва воситаларидан фойдаланилади, дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Ҳуқуқлар кафолати

Авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ва таъминлаш учун жалб этилган шахсларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнатига ҳақ тўлаш кафолатланади.

Фавқулодда ҳолат жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар натижасида жабрланган ёки бундай ҳолатларни бартараф этиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар қўлланилиши муносабати билан жабр кўрган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган шартлар ва тартибда турар жойлар берилади, етказилган моддий зарар қопланади, ишга жойлашишда кўмак берилади ва зарур ёрдам кўрсатилади.

Фавқулодда ҳолатда қўлланиладиган Ўзбекистон Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахслари ваколатлари, Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ўзгаришига (чекланишига) олиб келадиган чоралар ва вақтинчалик чекловлар вужудга келган ҳолатнинг кескинлиги талаб қиладиган чегаралар доирасида бўлиши шарт.

Фавқулодда ҳолатда қўлланиладиган чоралар ва вақтинчалик чекловлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларига зид бўлмаслиги керак. Фавқулодда ҳолатнинг жорий этилиши қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллашга, яшаш, фикрлаш, виждон, дин эркинлиги ҳуқуқини ҳар қандай чеклашга асос бўла олмайди.

Фавқулодда ҳолатда қўлланилиши мумкин бўлган фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларига чекловлар қатъий ҳисобланади, уларни кенгайтириб талқин этишга ва бошқа чекловлар ўрнатилишига йўл қўйилмайди.

Комендантлик соати қоидаларини бузган фуқароларни ушлаб туриш тартиби

Комендантлик соати қоидаларини бузган шахслар комендантлик соатининг охиригача, шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган шахслар эса — уларнинг шахси аниқлангунга қадар, бироқ 48 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори билан ушлаб турилади. Белгиланган муддат суд қарори билан ўн суткадан ортиқ бўлмаган муддатгача узайтирилиши мумкин.

Фото: ИИВ ЙҲХББ.

Ушлаб турилган шахслар, улар билан бирга бўлган нарсалар ва транспорт воситалари текширилиши мумкин.

Ички ишлар органи бошлиғининг ушлаб туриш тўғрисидаги қарори устидан юқори мансабдор шахсга ёки суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Комендантлик соати қоидаларини бузган шахсларни ҳибсга олиш
ва вақтинча ушлаб туриш ва улар бўйича чиқарилган қарорларнинг қонунийлигини назорат қилиш прокурор томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг хавфли юқумли касалликлари тарқалиш хавфи туфайли карантин жорий этилган тақдирда, фавқулодда ҳолат режимини бузган, белгиланган ҳудудда яшамайдиган ва ундан ташқарига чиқариб юборилиши лозим бўлган фуқаролар бундай фуқароларни кузатишнинг белгиланган муддати тугагунга қадар умумий асосларда ушлаб турилади.