Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларни батафсил кўриб чиқдилар. Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди», — дейилади хабарда.

Суҳбат давомида коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши оқибатларини самарали енгиб ўтиш мақсадида амалий ҳамкорлик бўйича, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транзит, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим тармоқлардаги лойиҳаларни илгари суриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан ўтган ойда ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг самарали натижалари ижобий баҳоланди.

Давлат раҳбарлари Қирғиз Республикасидаги воқеалар ривожига алоҳида тўхталдилар. Ушбу мамлакатдаги вазият Қирғизистон Конституциясига мувофиқ ҳолда тез фурсатда барқарорлашиши зарурлиги қайд этилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, Қирғизистондаги вазият бўйича фикр алмашган эди.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган бир неча минг киши Бишкек кўчаларига норозилик намойишларига чиқди. Намойишчилар Оқ уйни (парламент ва президент маъмурияти жойлашган), шаҳар ҳокимлиги ва ҳукумат биносини эгаллаб олишди. Шунингдек, улар мамлакатнинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан озод қилишди. Якунда Қирғизистон сайловлари ва референдумлари бўйича марказий комиссияси сайловлардаги овоз бериш натижаларини бекор қилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувлар чоғида бир киши ҳалок бўлди, 686 киши жароҳатланди.