Ўзбекистонда ŠKODA брендининг илк автомобили 2021 модель йилига мансуб, ŠKODA KODIAQ тўлиқ ўлчамли йўлтанламаси бўлади, дея хабар қилинди Skоda Uzbekistan расмий Телеграм-каналида.

Янги автомобиль икки хил комплектацияда тақдим этилади: беш ўриндиқли Ambition ва етти ўриндиқли Style. Маҳаллий бозор учун ушбу модель сиғими 2,0 литрлик, қуввати 180 от кучига эга бўлган турбо двигатель, етти босқичли роботлаштирилган, энг сўнгги авлод DSG қутиси, тўлиқ узатма ва панорама люк билан тақдим этилади.

Дилерлик тизими ва сервис кўрсатиш жараёнларига алоҳида эътибор бериш режалаштирилган. Шу сабабли, пойтахтда иккита ŠKODA дилерлик маркази (Sergeli Autotexxizmat ва Driver’s Village) очилишига тайёргарлик кўрилмоқда, Қўқонда эса яна бир (Kokand Auto Trade) дилерлик марказининг қурилиш ишлари якунланмоқда. Ушбу автосалонларда автомобил харид қилиш, кафолат ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш хизматларидан фойдаланишингиз мумкин.

Нархлар октябрда эълон қилинади ва автомобиль қийматининг бир қисмини тўлаб, олдиндан буюртма бериш мумкин бўлади. Дастлабки автомобилларнинг етказиб берилиши жорий йилнинг ноябрь ойида амалга оширилиши режалаштирилган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Jizzakh Auto (Volkswagen Uzbekistan) компанияси Volkswagen Caddy тижорий автомобилларини сотишни бошлаган эди.

Компаниянинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Škoda Kodiaq Россиянинг Калуга шаҳридаги «Грабцево» технопаркида жойлашган Volkswagen Group Rus заводидан етказиб берилади.

Россияда автомобиль нархи комплектациясига қараб 21,5 мингдан 41,3 минг долларгача ўзгариб туради.

Президент қарорига кўра, биринчи босқичда — 2020−2021 йилларда Volkswagen ва Škoda автомобилларини тайёр ҳолда олиб кириш режалаштирилган. Фарғона, Тошкент ва Жиззахда диллерлик ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ишга туширилади. Иккинчи босқичга кўра, 2022 йилдан бошлаб тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ташкил қилинади ва инвестициялар ҳажми, автомобиль экспорти масалалари ҳам ҳал қилинади.

21 август куни президент Шавкат Мирзиёев Volkswagen, Škoda ва Isuzu автомобиллари билан танишди. Улар ораисда Kodiaq ҳам бор эди.