7 октябрь куни Telegram мессенжерида фуқарони арқон билан боғлаган ҳолда трактор тиркамасида мажбурий равишда олиб кетаётганлиги акс этган видео тарқалди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Текширувлар натижасида аниқланишича, 3 октябрь куни соат 10:30 да Навоий вилояти Қизилтепа тумани «Янги ҳаёт» МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонида ушбу фермер хўжалик ишчиси бўлган 32 ёшли С.Ш. маст ҳолда фермер хўжалиги раҳбари 26 ёшли Ж.Н. ни камситувчи қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган.

Оқибатда, фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н. ишчиси С.Ш. ни юзи ва танасининг турли жойларига уриб жароҳат етказган. Қўшни фермер хўжалиги тракторчиси фуқаро 28 ёшли С.Н. билан биргаликда фуқаро С.Ш. нинг бўйнидан арқон билан боғлаб, унинг тракторида фермер хўжалигининг дала шийпонига олиб бориб, қийноққа солиб дарахтга боғлаб, ташлаб кетишган, дейилади хабарда.

4 октябрь куни фуқаро С.Ш. фермер хўжалиги раҳбарининг яшаш хонадонига бир кун олдинги ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида борганида фермер хўжалиги раҳбарининг отаси 52 ёшли Н.В. ўзаро вужудга келган тортишувдан сўнг С.Ш. ни яшаш хонадонига олиб кириб танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказганлиги аниқланган, дейди Тергов департаменти матбуот хизмати.

Ушбу куни юз берган воқеани Ж.Н. ўзининг қўл телефонига видео тасвирга, олиб таниши Т.Р. га Telegram мессенжери орқали юборган, Т.Р. эса ушбу видеони Қизилтепа туманидаги танишларига тарқатганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қизилтепа туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиност кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 138-моддаси 1-қисми (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирув ишлари давом этмоқда.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти шунингдек, юқоридаги каби ҳаракталар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1891-моддаси ва Жиноят кодексининг 1301-моддаларида кўрсатилган «Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш» каби маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида эслатиб ўтди.