Молия вазирлиги курьерлик жўнатмаларини чет элдан божсиз олиб кириш ставкасини беш бараварга қисқартиришни таклиф қилди. Бу президентнинг яширин иқтисодиётни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони лойиҳасида кўзда тутилган.

Ҳужжатда 2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни республикага олиб киришнинг энг юқори меъёрини, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 AҚШ долларидан 200 AҚШ долларигача тушириш ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмаслигини белгилаб қўйиш таклиф қилинган.

Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар томонидан республикага товарларни олиб киришнинг максимал меъёрлари ошиб кетганда олинадиган ягона божхона тўлови ставкасини пасайтириш бўйича таклифларни тақдим этишлари белгилаб қўйилган.

Лойиҳа муҳокамаси 23 октябргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил июль ойида курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар томонидан қабул қилинадиган ва бождан озод қилинадиган товарлар нархи ойига 1000 доллардан бир чорак учун 1000 долларга туширилган эди.