Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг хабар беришича, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда вирусга қарши «Ремдесивир» препарати ва гриппга қарши «Инфлувак» вакцинасининг ўткир тақчиллиги кузатилмоқда. Ушбу дорилар нархларининг ўсиши мос равишда 1,8 миллион ва 250 минг сўмни ташкил этди.

Агентлик дори воситалари ва тиббий буюмларни сотадиган улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан нархларни давлат томонидан тартибга солиш тартибига риоя этилиши устидан тизимли назоратни амалга оширади. Гап савдо устамалари ҳақида кетмоқда. Шундай қилиб, дорихоналар дори-дармонларга улгуржи нархининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда устама қўшиши мумкин. Улгуржи савдо корхоналари, ўз навбатида, асосий, яъни Ўзбекистонга олиб кирилган ёки ишлаб чиқарилган нархнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда устама белгилаш ҳуқуқига эга.

Фото: Монополияга қарши курашиш қўмитаси.

Жорий йилнинг тўққиз ойида 11 та импортёр COVID-19 ни даволашда ишлатиладиган 56109 қадоқ «Ремдесивир» вирусга қарши препаратини мамлакатга олиб келди. Товарларнинг умумий қиймати 2 миллион доллардан ошди.

Агентликнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу препаратнинг минимал чакана нархи 457 минг сўм, максимал қиймати — 3,83 миллион сўм бўлиши керак. Ўртача чакана нархи — 1,066 миллион сўм.

«Ушбу фарқ маҳаллий импортчиларнинг декларация қилган нархларнинг хилма-хиллиги ҳамда ишлаб чиқарувчи давлатга боғлиқ», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Pharmhealth МЧЖ ҚК томонидан Грузияда ишлаб чиқарилган «Ремдесивир» препаратининг 1 қадоғи энг юқори — 270 доллардан импорт қилинан. Энг паст нарх эса Serene Pharma МЧЖ томонидан Ҳиндистондан импорт қилинган — «Ремдак» препаратининг 1 қадоғи 45 доллардан баҳоланган.

Фото: Монополияга қарши курашиш қўмитаси.

Худди шу даврда иккита импортёр гриппга қарши «Инфлувак» (Нидерландия) ваксинасини 155490 қадоқда жами 800 минг долларга олиб кирди.

Гриппга қарши вакцинанинг энг кам чакана нархи 69 минг сўм, энг юқориси эса 102 минг сўмдан ошмаслиги керак. Ўртача чакана нарх — 86 минг сўм.

Агентлик дори-дармонларнинг максимал чакана нархларини ҳисоблашни давом эттиради, улгуржи омборларда дори воситаларининг қолдиқларини ва уларни келгусида етказиб бериш прогнозларини ўрганади, шунингдек нархнинг ошишига қарши чоралар кўради.

Агентлик томонидан дорихоналар томонидан лицензиялаш талаблари ва шартларининг мунтазам равишда (бир йил ичида икки ёки ундан ортиқ марта) бузилиши, шу жумладан дори-дармонларга нарх белгилаш тартиби қўпол қоидабузарликлар эканини ва лицензияни бекор қилиш учун асос бўлиши мумкинлиги ҳақида тадбиркорлар эслатиб ўтди.

Истеъмолчилар дори воситалари ҳаддан ташқари юқори нархларда сотилганда агентликка хабар беришлари тавсия қилинади. Ишонч телефони 1159, Ягона агентлик рақами +998 71−207−46−00.