Қирғизистон Миллий банки қарорига кўра 7 октябрдан бошлаб мамлакатда чегаралараро тўловларни амалга оширишга имкон берувчи (республикадан ташқарига) халқаро тўлов тизимлари тўхтатиб қўйилди.

«Мамлакатдан капитал чиқиб кетишининг олдини олиш учун SWIFT чегаралараро тўловларни амалга ошириш тизими ҳам ўчириб қўйилган», — дейилади Қирғизистон миллий банкининг Facebook саҳифасида.

Ушбу чора-тадбирлар молия-банк сектори хавфсизлиги ва молия-кредит ташкилотлари активлари хавфсизлигини таъминлаш учун қабул қилинган. Шу сабабли, 6 октябрдан бошлаб Миллий банк молия-кредит ташкилотларига ўз фаолиятини тўхтатиб туриш ва хавфсизлик чораларини кучайтиришни тавсия қилди.

Молиявий хизматлар онлайн хизматлар (телефон, электрон почта, ижтимоий тармоқлар) орқали хизмат кўрсатишда давом этмоқда. Жумладан, «Элкарт» миллий тўлов тизими орқали нақд пул шаклида бўлмаган тўловларни амалга ошириш мумкин.

8 октябрдан бошлаб Миллий банк молия ташкилотларига иш ҳақи, пенсия, нафақаларни ўз вақтида олиш, шунингдек аҳолини нақд пул билан таъминлаш учун шароит яратиш мақсадида иш вақтини соат 09:00 дан 15:00 гача қилиб белгилашни тавсия қилди.

«Мамлакат ичида нақд пул бўлмаган шаклдаги тўловлар ва ўтказмаларнинг узлуксизлиги ва хавфсизлигини, онлайн хизматлар ва банкоматлар, POS-терминаллар ва тўлов терминаллари ишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилади», — дейилади банк баёнотида.

Ҳисоботда айтилишича, Миллий банк вазиятни кузатиб боради, ҳолат барқарорлашиши билан банк тизими нормал иш фаолиятига қайтади.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Бишкекда парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган фуқаролар намойиши бўлиб ўтди. Тинч бошланган намойишлар кейинроқ ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашувларга айланиб кетди. Натижада бир киши ҳалок бўлди, 686 киши жароҳатланди. Кейинчалик, Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини бекор қилди.