4 октябрь куни Самарқанддаги хонадонлардан бирида товуқ гўштидан тайёрланган сихли кабобдан 10 нафар оила аъзоси ва шу хонадонда қурилиш олиб бораётган 5 нафар ишчи заҳарланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, товуқ гўшти истеъмолидан 3 соат ўтиб, уларда бош оғриғи, кўнгил айниш, қайд қилиш, хансираш, ҳаво етишмаслиги каби клиник белгилар қайд этилиб, бироздан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилишгач, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишган.

Шундан сўнг Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Самарқанд вилояти филиалига мурожаат қилган 15 нафар фуқарога «метгемоглобин ҳосил қилувчи бирикмалардан заҳарланиш» ташхиси қўйилган ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилган. Эпидемиологик суриштирувлар ва зарур профилактик тадбирлар ўтказилган.

Касаллик қайд этилган хонадонда ўтказилган текширув давомида истеъмол қилинган маҳсулотлардан лаборатория таҳлилига намуналар олинган. Натижада овқатда ишлатилган туз маҳсулоти хонадон эгаси томонидан олиб келиниб, алоҳида селофан идишда сақланган натрий нитрат моддаси эканлиги тасдиқлаган.

Ўтказилган даво муолажларидан сўнг клиник белгилар йўқолган, беморларнинг аҳволи яхшиланган ва уйларига жавоб берилган.

Вазирликнинг қайд этишича, сўнгги вақтларда аҳоли ўртасида баъзи ҳолатларда кимёвий моддалардан, сифати кафолатланмаган концервалар, маринатлар, озиқ-овқат ва спиртли ичимликлардан турли кўринишдаги заҳарланиш ҳолатлари қайд этилиб турибди. Бунга рухсат этилмаган кимёвий моддалардан уй шароитида фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва овқатланиш тартибига риоя қилмаслик асосий сабаб бўлмоқда.