Канаданинг Condor Petroleum нефть ва газ компанияси 2021−2024 йиллар оралиғида Бухоро вилоятидаги газ конлари эксплуатацияси учун 1 млрд доллардан ортиқ миқдорда инвестиция киритишни режалаштирмоқда, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ушбу масала Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов Condor Petroleum Inc компанияси директори ва кенгаш раиси Деннис Балдерстон ҳамда компания президенти Дон Стреум билан бўлиб ўтган онлайн-музокараларда муҳокама қилинди.

Компания президенти камида бешта мавжуд газ конида фаолият олиб боришга тайёрлигини билдирди. Лойиҳа давомида Condor Petroleum раҳбарлари мавжуд конлардан газни қазиб олишни икки баравар кўпайтиришни режалаштирмоқда.

Condor Petroleum 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, у Марказий Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка, Индонезия, Ливия, Ангола, Туркияда фаолият олиб боради. Компания Марказий Осиё минтақасида энг йирик ва техник жиҳатдан илғор сейсмик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш 3D дастурига эга. Мазкур мукаммал дастур қидирув ишлари олиб бориш учун умумий салоҳияти 1,5 миллиард баррелдан ортиқ бўлган 79 та истиқболли нефть қазиб олиш объектини аниқлашга имкон берди, дейилади «Дунё» хабарида.