АҚШ ҳукумати юқори малакали мутахассисларга иммиграция учун мўлжалланмаган H-1B меҳнат визаларини беришни мураккаблаштиришга қарор қилди, дея хабар берди РБК мамлакат Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда.

Федерал реестрда эълон қилинганидан 60 кун ўтгач, янги қоидалар кучга киради ва хорижлик ишчиларни ёллаш учун «махсус касблар» сони камайтирилади.

Вазирлик маълумотларига кўра, АҚШда америкалик ишчиларни алмаштириш учун 500 мингдан ортиқ иммиграция учун мўлжалланмаган визалар ишлатилган. Бу эса бир қатор соҳалар ва баъзи касбларда ойлик маошлар миқдорининг пасайишига олиб келди.

H-1B визаси иш берувчиларга ўз иш кучидаги бўшлиқларни тўлдиришга ва глобал иқтисодиётда рақобатбардош бўлиб қолишга шароит яратиш учун ишлаб чиқилган эди. Аммо ҳозирда ушбу виза тури анча кенг тарқалиб, кўп ҳолларда АҚШ ишчиларига зарар келтирмоқда, дейилади агентлик баёнотида.

«H-1B визаларини расмийлаштириш бўйича сўнгги ҳаракатлар Трамп маъмуриятининг америкалик ишчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган кенг миқёсли мақсадининг бир қисмидир», — дейилади агентлик баёнотида.

АҚШ президенти Дональд Трамп июнь ойида меҳнат визаларини беришга чекловлар қўйди. Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган иқтисодий инқироз туфайли бир қатор вақтинчалик меҳнат визалари америкаликларнинг иш фаолтияти учун «фавқулодда хавф туғдиради».

Шу муносабат билан АҚШ президенти йил охиригача қуйидаги тоифадаги визаларни тўхтатиб туришни буюрди:

  • хорижлик малакали ишчиларга АҚШда асосан технология соҳаси бўйича ишлашга имкон берувчи H-1B визалари;
  • H-1B эгаларининг оила аъзолари учун мўлжалланган H-4 визалари;
  • мавсумий ишлар учун H-2 визалари;
  • иш бошқарувчилар, менежерлар ва мутахассислар учун компания доирасида хизматни кўчириш учун мўлжалланган L-1 визалари; улар шунингдек, чет эл компаниясидан вақтинча ишлаш учун АҚШдаги филиалга ёки шўъба корхонасига ўтишга имкон беради;
  • маданий ва касбий алмашинув дастурлари иштирокчилари учун мўлжалланган J-1 турдаги визалар.

Октябрь ойида Сан-Франциско суди президентнинг ушбу фармонини қисман тўхтатиб қўйди.