Гулистондаги «Алпомиш» спорт мажмуасида содир бўлган портлаш юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юклатилди. Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинди.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Гулистондаги «Алпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган COVID-19 инфекциясига гумон қилинган ва касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида кислород балони портлаган эди. ФВВ хабарида қайд этилишича, ҳодисадан бир киши жароҳатланган, қурбонлар йўқ. У ердаги фуқаролар хавфсиз ҳудудга кўчирилган.