Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган глобал иқтисодий таназзулга қарамасдан, Ўзбекистон 2020 йилда иқтисодий ўсишни намойиш этадиган Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги иккита давлатдан бири бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки минтақавий иқтисодий таҳлилининг бугун эълон қилинган нашрида айтилган.

Жаҳон банкининг таъкидлашича, коронавирус (COVID-19) пандемияси Совет Иттифоқи парчаланишидан сўнг тикланган Ўзбекистон иқтисодиёти дуч келган энг оғир инқироз бўлди. Бу ҳолат мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсишига салбий таъсир кўрсатди ва фуқароларнинг бандлиги, фаровонлиги ва даромадларининг пасайишига олиб келди.

2020 йилнинг биринчи ярмида ЯИМ ўсиши деярли нолга тенг бўлди, 2019 йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 5,8 фоизни ташкил этган эди. Шу даврда асосий капиталга инвестициялар 12,8 фоизга камайди. Ишсизлик даражаси 2020 йилнинг биринчи чорагидаги 9,4 фоиздан иккинчи чоракда 15 фоизгача кескин кўтарилди.

«Бозор ислоҳотлари иқтисодиётда ресурслардан янада самарали фойдаланиш ва хусусий секторни ривожлантириш учун рағбатлантиришни кучайтиргани сабабли Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозлар ижобий бўлиб қолмоқда. 2020 йил учинчи чорагида карантиннинг бекор қилиниши, қишлоқ хўжалигида барқарор ишлаб чиқариш ва пул ўтказмаларининг қисман тикланиши 2020 йилнинг иккинчи ярмида биринчи ярим йилга нисбатан кучлироқ иқтисодий фаолликка олиб келади», — дейилади баёнотда.

ЯИМнинг йиллик ўсиши бу йил 0,4% дан 0,8% гача, бўлиши кутилмоқда. Бу 2019 йилги кўрсаткич — 5,6% га нисбатан сезиларли даражада паст. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Тожикистон 2020 йилда ЯИМнинг ижобий ўсишини кутаётган Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 23 давлат орасида ягона давлатларга айланишади (1-жадвал). Мамлакат бўйлаб карантин қайта киритилмаса, 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 4,8% дан 5,0% гача бўлиши прогноз қилинмоқда.

Жаҳон банкининг таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришнинг кўпайиши ва қишлоқ хўжалигидаги ўсиш саноат ва хизматлар соҳасидаги кескин пасайишни бартараф этишга ёрдам берди. Биринчи ярим йилликда пул ўтказмалари 19 фоизга камайганига қарамай, ижтимоий трансфертларнинг 17 фоизга кўпайиши ва 2020 йил февралидан энг кам иш ҳақининг 10 фоизга ўсиши хусусий истеъмолни сақлаб қолишга ёрдам берди.

Пул ўтказмаларининг қисқариши ва ташқи савдо дефицитининг кенгайиши тўлов баланси жорий ҳисобининг дефицитини 2020 йилнинг биринчи ярмида ЯИМнинг 7,7 фоизига етказди. Жаҳон таъминот занжиридаги узилишлар ва йирик маҳсулотлар нархларининг пасайиши туфайли шу даврда экспорт 22,6 фоизга камайди (табиий газ, металлар). Чет давлатларда олиб келинадиган машина, ускуналар ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмининг кескин пасайиши туфайли импорт 15 фоизга камайди.

Давлат бюджетига тушумларнинг кам йиғилиши ва инқирозга қарши катта харажатлар 2020 йил биринчи ярмида бюджет камомади ЯИМнинг 5% гача ўсишига олиб келди. Ялпи ички маҳсулотнинг 2,5%и соғлиқни сақлаш соҳасига қўшимча харажатлар, кам таъминланганлар учун пул ўтказмаларининг кўпайтирилиши, жамоат ишларининг кенгайиши ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилди. Олтин экспортининг кўпайиши натижасида тушумнинг кучли ўсишига қарамай, заиф иқтисодий шароитлар ва солиқларни кечиктириш натижасида ЯИМ улуши сифатида ҳисобланадиган давлат даромадларининг йилига икки фоизга пасайиши кузатилди.

«Пандемия натижасида юзага келган инқироз Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсишини 2020 йилда деярли тўхтатиб қўйди ва йигирма йилдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта қашшоқлик даражасини оширди. Пандемиянинг иқтисодий, ижтимоий ва аҳоли соғлиғига таъсирини юмшатиш учун ҳукумат бир қатор инқирозга қарши чоралар кўрди. Мавжуд синовлар ва қийинчиликларга қарамай, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларига эришиш ва фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида мамлакат раҳбарияти иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида ислоҳотларни давом эттиришни қатъий ният қилганлигини тасдиқлади. Пандемия тугагандан сўнг, иқтисодий тикланишни таъминлаш ва уни янада барқарор ва инклюзив қилиш жуда муҳимдир», — деди Марко Мантованелли, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

Ўрта муддатли истиқболда инфляция секинлашади, аммо нархларни янада ислоҳ қилиш натижасида юқори даражада сақланиб қолади. Пул ўтказмаларининг тикланиши ва савдо дефицитининг пасайиши туфайли тўлов балансининг жорий ҳисобот дефицити 2020 йилда ЯИМнинг 6% атрофида бўлиши кутилмоқда. Ўрта муддатли истиқболда у тахминан бир хил бўлиб қолади, чунки пандемия тугагандан сўнг машиналар, ускуналар ва ярим тайёр маҳсулотлар импортининг ўсиши тикланади. Ушбу дефицитни давлат қарзларини кўпайтириш ва чет эл инвестицияларининг босқичма-босқич кўпайиши ҳисобига молиялаштириш кутилмоқда.

2020 йилда ЯИМнинг 7,5% миқдорида прогноз қилинадиган давлат бюджети тақчиллиги инқирозга қарши харажатларни босқичма-босқич қисқартириш ва давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш оқибатида 2021−22 йилларда камаяди. Ўрта муддатли истиқболда давлат бюджети тақчиллигининг камайиши прогноз қилинмоқда.

2020 йилда ва кейинги ўрта муддатли истиқболда дефицит асосан ташқи қарзларни кўпайтириш ҳисобига молиялаштирилади. 2020 йилда ташқи давлат қарзи ЯИМнинг 34,7 фоизигача кўтарилиши тахмин қилинмоқда. Гарчи у 2017 йилдан бери ЯИМга нисбатан фоизда кўпайган бўлсада, ўрта муддатли истиқболда барқарорлашиши кутилмоқда.