Қашқадарё вилоятида Nexia автомашинаси иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч киши вафот этди, дея хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

5 октябрь куни соат тахминан 17:00да 33 ёшли А.С. Nexia автомобилид 4Р-89 рақамли «Қарши — Нишон — Талимаржон» йўлида ҳаракатланаётганида, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб, ағдарилиб кетган.

Оқибатда, автомашина йўловчиси 54 ёшли М.О. олган тан жароҳати натижасида ҳодиса жойида вафот этган, йўловчилар 58 ёшли Б.Х. ва 54 ёшли А.Э. оғир тан жароҳати билан РШТЁИМ Қашқадарё филиалининг «Жонлантириш» бўлимига ётқизилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларига қарамасдан, шу куни вафот этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-кисми «а» банди билан (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.