«Дори-дармон» АЖ Россиянинг гриппга қарши вакцина ишлаб чиқарувчилари билан 1 миллион дозадан ортиқ гриппга қарши вакцинани харид қилиш бўйича шартнома тузди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Ҳозирда «Совигрипп» вакцинасининг 250 минг дозаси ҳудудларга етказиб берилди.

Бундан ташқари 15 октябрга қадар 40 минг доза, 30 октябрга қадар 250 минг доза, ноябрь ойида эса 500 минг доза «Флю-М» вакцинасини етказиб бериш мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 26 августдаги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида 1 октябрга қадар барча бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари марказлашган тартибда бепул гриппга қарши эмланиши белгиланган эди.