Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғиз Республикасидаги вазият юзасидан баёнот берди.

«Қирғиз Республикасида юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилади», — дейилади баёнотда.

Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади, дея таъкидлаган ТИВ ҳозирги мураккаб вазиятда Ўзбекистон кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини қўшимча қилди.

5 октябрь куни Бишкекда парламент сайловлари натижаларига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Тўқнашувга айланган намойишларда 686 киши жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди. Намойишчилар парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйни эгаллаб олишди. Кейинчалик МСК овоз бериш натижаларини бекор қилди.