Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳокими Шукрулла Ҳакимов Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида паст кўрсаткичлар учун узр сўради. Бу ҳақда Daryo нашри хабар берди ва туман раҳбарининг нутқи пайтида йиғилганларнинг баъзилари, шу жумладан ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари мудраётгани эътибор қаратди.

Фото: Daryo.uz

«Қониқарсиз» дея баҳоланган 33 та ҳудуд қаторидан жой олган Шофиркон туманида 2019 йилда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 340,7 млрд сўмни ташкил этди. Бу аҳоли жон бошига 1,9 млн сўм, вилоят саноатида туманнинг улуши эса 0,6 фоизни ташкил этди.

Шу йилнинг февраль ойидан буён туманни бошқараётган Шукрулла Ҳакимов кўрсаткичлар пастлиги учун аввалги раҳбариятни айбламаслигини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бунинг ўрнига у ушбу вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилган, аммо туманда тадбиркорлик ҳали ҳам яхши ривожланмагани сабабли туман «қизил» деб баҳоланди.

Ҳокимнинг айтишича, электр таъминотидаги узилишлар ва табиий газнинг заиф босими туфайли кўплаб тадбиркорлик субъектлари ушбу ҳудуддан ўз маҳсулотларини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Шунингдек, унинг таъкидлашича, захираси 5539 кубометр бўлган қум ва шағал кони фақат ишлаб чиқариш учун ишлатилган, қайта ишлаш йўлга қўйилмаган.

Бундан ташқари, туманнинг географик жойлашуви чўл ҳудудига тўғри келишига қарамай, бу ерда йирик боғдорчилик, чорвачилик ва мева-сабзавот етиштириш учун иссиқҳона кластерлари яратилмаган. Туман пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашганлиги, аммо уни қайта ишлаш имконияти йўқлиги сабабли бу билан бошқа ҳудудлар шуғулланаётгани қайд этилди.

«Очиғини айтганда, ҳозир менга жуда қийин. Бунда биз ўзимиз айбдормиз ва буни ўзимиз тузатамиз. Бошқа йўли йўқ. Баъзи соҳаларда кўрсаткичларни яхшилашга ҳаракат қилдик. Қаердадир бепарволик қилдик. 2019 йилда йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқариб… биз, барча раҳбарлар, муҳтарам президентдан, халқимиздан, тадбиркорлардан кечирим сўраймиз. Агар бизга имконият берилса, тўртта сектор раҳбарлари билан биргаликда йил охиригача туманни „ўрта“ даражага олиб чиқиш ва 2021 йилнинг биринчи ярмида уни „яхши“ даражага олиб чиқишга ваъда берамиз», — деди Шукрулла Ҳакимов.

Статистик маълумотларга кўра, туман аҳолиси 177 минг кишидан ортиқ, уйлар сони эса 32 мингдан кўпроқ. Туманнинг 4900 нафар аҳолиси мамлакатдан ташқарида истиқомат қилади ва ишсизлар сони эса 7,7 минг кишини ташкил этади, шулардан 2100 нафари ёшлардир.

Ҳоким, агар режалаштирилган лойиҳалар ишга туширилса, туманда 2100 та иш ўрни яратилишига ишонтирди. Бу вилоят экспорт режасининг 6 млн долларлик қисмини қоплайди ва бюджетга деярли 6 млрд сўм маблағ келтиради.

ЎзАнинг аниқлашича, йил охирига қадар вилоятда жами 174,2 млрд сўмлик инвестицияларни ривожлантириш режалаштирилган, шундан 9,3 млрд сўмлик маблағлар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. 11 та саноат корхонасини ишга тушириш натижасида 120,6 млрд сўмлик таянч яратилади, бунинг ҳисобига кичик бизнес томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар улуши 2,8 фоизга етади.

1 майдан бошлаб Ўзбекистонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш рейтинг тизими амал қилмоқда. Таҳлил натижаларига кўра ҳудудий бўлинмаларга «яхши», «ўртача» ва «қониқарсиз» тоифалари берилди. Вазият 48 шаҳар ва туманларда «яхши», 119 тасида «ўртача» ва 33 тасида «қониқарсиз» деб топилди.

«Қониқарсиз» баҳо олган туманлар ҳокимлари ва секторлар раҳбарлари оммавий равишда узр сўраб, вазиятни тўғирлашга ваъда беришди.