«Сардоба иши» бўйича бугунги кунда 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, дея хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов.

1 май куни юз берган «Сардоба» сув омбори тўғони ўпирилиши ва натижада катта ер майдонларини сув босиши ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси, 258-моддасида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, терговда тергов, тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилди.

Ҳозирда тергов органи томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига даҳлдор 17 нафар шахс, жумладан буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК, лойиҳачи «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи — «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК, пудратчи ташкилотлар «Резаксой сув қурилиш» УК, «Омад Дубл» МЧЖ, «Сариосиё қурилиш» МЧЖ, «Транс Сервис Комплекс» МЧЖ, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи тегишли (167, 203, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, айбланувчиларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган, дейилади хабарда.

Аввалроқ Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида хабар берган эдик.

«Жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дейди Акмал Бурханов.