Ҳозирда ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар рўйхати тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда, дея хабар қилди Давлат тест маркази матбуот хизмати.

5 октябрь куни «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Факт 24» дастурида олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ДТМ биноси олдида йиғилгани ҳақида хабар берилди. Улар ДТМ ушбу муаммо бўйича уларни Мудофаа вазирлигига, вазирлик эса нотўғри маълумот берилганини айтиб, яна марказга қайтараётганини маълум қилишди.

ДТМ Ўзбекистон Қуролли кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентларни рўйхатга олиш тартибларини эслатиб ўтди. Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги мувофиқ олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тасдиқланган.

ДТМ ҳужжат топшириш тартибларига ҳам изоҳ бериб ўтди: ёшлар рўйхатдан ўтишда ўзларига тегишли тавсиянома маълумотларини дастурга киритадилар ва рўйхатга олиш якунлангандан сўнг, уларнинг маълумотлари масъул ваколатли органга юборилади ҳамда маълумотларнинг тўғрилиги текширилиб, тасдиқланади.

Бунда, абитуриентнинг паспорт маълумотлари (шахсий идентификатсия рақами, паспорт серияси ва рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси) ва тавсиянома билан боғлиқ бошқа маълумотлар юборилади. Масъул ваколатли органлар томонидан маълумотлар тўғрилиги фақат тавсиянома рақами билан эмас, абитуриентнинг паспорт маълумотлари асосида текширилади.

Жорий йилда ҳам ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар рўйхати шу тавсияномаларни берган вазирлик ва идораларга юборилган. Тақдим этилган рўйхат улар томонидан текширилиб, тасдиқланган ҳолда Давлат тест марказига қайтарилган. Абитуриентларга ҳарбий имтиёзни қўллаш ёки қўлламаслик ана шу тасдиқланган рўйхат асосида амалга оширилган, дейилади ДТМ хабарида.