5 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитасида Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзидаги сайёрмажлиси бўлиб ўтди. Парламент юқори палатаси матбуот хизматининг хабар қилишича, мажлисда «Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports, «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамиятлари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ички бозорда рақобатнинг мавжуд эмаслиги сабабли «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хизматлар сифатини ошириш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан манфаатдор эмас.

2010 йилдан бери авиакомпания парвозлар сонини атиги 15 фоизга оширди. Самолётларнинг озлиги компаниянинг янги йўналишларни ишлаб чиқиш, парвозларни кўпайтириш ва самарадорликни ошириш имкониятларини чеклайди. Парвозлар тоифасини танлашнинг мураккаб тизими ҳам истеъмолчилар томонидан сотиб олинадиган хизматлар тўғрисида салбий тасаввурларнинг шаклланишига олиб келмоқда.

Шунингдек, Uzbekistan Airways тизимида юк ташишни ривожлантириш қўшимча даромад манбаи сифатида қаралмаслиги айтилди. Кўрсатилаётган хизматларнинг атиги 0,03 фоизи юк ташишга тўғри келади, бу 35 фоизлик жаҳон стандартларидан анча паст ва салоҳиятдан етарли даражада фойдаланилмаётганини тасдиқлайди.

Аэропортларнинг ихтисослаштирилган ускуналар билан ёмон жиҳозланиши самолётларни сифатли қабул қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш даражасининг пасайишига олиб келмоқда. Натижада, аэропортларнинг шерик мақомидаги жозибадорлиги ёмонлашмоқда, деб таъкидлади йиғилиш қатнашчилари.

Йиғилишда Монополияга қарши қўмита Uzbekistan Airports тизимидаги аэропортлар табиий монополиянинг субъектлари сифатида давлат реестрига киритилганини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК таркибига кирувчи 14 та давлат унитар корхонаси негизида ташкил этилган эди.

Жорий йил февралида Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компаниялари 2020 йил Ўзбекистон авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлишини маълум қилган эди. Uzbekistan Airports, Aviation & Logistics Forum Халқаро авиафоруми вақтида транспорт вазири Элёр Ғаниев (жорий йил августида лавозимини тарк этди) эндиликда бозорда Uzbekistan Airways даги каби монополия бўлмаслигини таъкидлаган эди.