Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) спикери Дастан Жумабеков истеъфога чиқди. Бу ҳақда 6 октябрь куни Бишкекнинг «Достук» меҳмонхонасида бўлиб ўтган парламентнинг навбатдан ташқари сессиясида маълум бўлди, деб хабар берди АКИpress ахборот агентлиги.

Жогорку Кенеш Конституциявий қўмитаси парламент спикери лавозимига Миктибек Абдилдаев номзодини тасдиқлади.

«Қийин давр келди. Мен бўлажак сайловларнинг ҳеч бирида қатнашмайман. Мен ўз бурчимни бажаришни истайман», — дея Абдилдаевнинг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.

Бундан ташқари, бош вазир Кубатбек Боронов ҳам истеъфога чиқди. Садир Жапаров ҳукуматнинг янги раҳбари бўлди, унинг номзоди парламент томонидан маъқулланди. Бир кун олдин намойишчилар уни қамоқдан озод қилган эди.

Садир Жапаров икки марта Қирғизистон парламентига сайланган, шунингдек, 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида мағлуб бўлган «Мекенчил» партиясининг асосчиси. Kloop маълумотларига кўра, 2018 йилда суд Жапаровни 2013 йилда Қоракўл шаҳри ва Саруу қишлоғидаги «Қумтор» олтин конини миллийлаштириш учун митингни молиялаштиришда айбдор деб топган эди. Суд ўшанда Жапаров намойишчиларни назорат қилган ва уларга ўша пайтдаги Иссиқкўл губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олиш тўғрисида буйруқ берган деб ҳисоблаган. У 11,5 йилга қаттиқ тартибли колонияда озодликдан маҳрум этилди. Кейинчалик Олий суд ушбу муддатни бир ярим йилга қисқартирди.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков BBC радиосининг қирғиз хизматига интервью берди (АКИpressдан таржима қилинган).

«Яна бир бор такрорлайман: мен буни ҳокимиятни ноқонуний босиб олиш деб ҳисоблайман. Кечаги воқеалар кўрсатиб турибдики, митинг ва норозилик акциясига борганларнинг мақсади нафақат сайлов натижаларини бекор қилиш, балки мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришдир. Бу кўриниб турибди. Бугун охир-оқибат ҳаммаси менга лавозимни тарк этишимга қаратилгани аниқ бўлди. Ҳаммамиз кўриб турганимиздек, улар нафақат сайлов натижаларига қарши чиқишмоқда… Эрталаб биз мамлакатда икки марта содир бўлган воқеани бошдан кечирамиз. Биз бунга яна қайтдик. Мен барча томонларни буни тўхтатишга чақираман», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, парламент сайловлари натижаларини олдиндан айтиб бўлмасди. «Чунки, кўриб турганингиздек, порахўрлик… Кузатувчилар билан учрашганимда менга овозлар сотиб олингани ҳақида айтишди. Бундай масала борлигига қўшиламан. ЕХҲТ кузатувчиси менга бундай қисқа вақт ичида Қирғизистонда сайлов натижалари маълум бўлганини айтди. У буни ҳайрат билан сўзлади. Сайлов натижалари сайлов қутиларини автоматик равишда ўқишга асосланган эди», — деди давлат раҳбари.

Президентнинг сўзларига кўра, сотиб олиш масаласи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволига боғлиқ.

Аввал хабар қилинганидек, сайловлар натижаларига кўра 16 иштирокчи партиядан 4 таси, улардан 2 таси — ҳукуматни қўллаб-қувватловчи партиялар парламентга кирди. Сайловларда кўплаб қонунбузарликлар, шу жумладан овозларни сотиб олиш ҳолатлари қайд этилди. Бой берган партиялар вакиллари овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортиб, МСКни уларни бекор қилишга чақирди.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган бир неча минг киши Бишкек кўчаларига норозилик намойишларига чиқди. Намойишчилар Оқ уйни (парламент ва президент маъмурияти жойлашган), шаҳар ҳокимлиги ва ҳукумат биносини эгаллаб олишди. Шунингдек, улар мамлакатнинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан озод қилишди. Якунда Қирғизистон сайловлари ва референдумлари бўйича марказий комиссияси сайловлардаги овоз бериш натижаларини бекор қилди.