5 октябрь куни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ДТМ биноси олдида йиғилишди. Улар президентнинг 2012 йил 31 майдаги 1765-сонли фармонида назарда тутилганидек, тест синовлари натижаларини ҳисоблашда уларга ҳарбий хизмат якунлари бўйича берилган тавсияномалар инобатга олинмаганидан норозилик билдиришди. «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Факт 24» дастурида ушбу жараён ҳақида лавҳа намойиш этилди.

Абитуриентларнинг телеканалга берган интервьюсида айтилишича, ДТМ ушбу муаммо бўйича уларни Мудофаа вазирлигига йўналтирмоқда, Мудофаа вазирлиги эса нотўғри маълумот берилганини айтиб, яна марказга қайтармоқда.

Абитуриент Беҳзод Аҳмаджоновнинг сўзларига кўра, у хизмат қилган ҳарбий қисмнинг рақамини (0395 рақамли қисм) ДТМ маълумотлар базасига киритишда рақам бошидаги «0» ўтказиб юборилгани сабаб унга берилган имтиёз ҳисобга олинмаган. Аввалроқ, адвокат ва блогер Хушнудбек Худойбердиев муаммонинг сабаби айнан «0» рақамининг мавжудлиги деб ёзган эди — ДТМ маълумотлар базаси ҳужжатнинг серия рақами бошидаги ушбу рақамни қабул қилмайди. ДТМ матбуот хизмати ушбу далилларни рад этди.

Аввалроқ «Газета.uz» халқаро ва республика мусобақалари ғолибларига имтиёзлар берилгани сабабли, максимал балл тўплаган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга кира олмаётганлиги ҳақида ёзган эди. Кейинчалик, бу хато тузатилди: мусобақалар ғолиблари учун алоҳида квоталар ажратилди ва максимал балл тўплаган талабгорлар «бюджет» га ўтказилди. Ижтимоий тармоқларда эса танлов ғолиблари учун алоҳида квоталар ажратилиши муносабати билан илгари «бюджет» да бўлган баъзи абитуриентлар шартнома асосида талабаликка тавсия этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Газета.uz» ҳозирги ҳолатни ўрганмоқда.