6 октябрь соат 00:00 дан бошлаб Ўзбекистон томони Қирғизистон ва учинчи давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш учун чекловларни жорий қилди. Бу ҳақда АКАpress агентлиги Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Давлат божхона қўмитасининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, вақтинчалик чеклов фақатгина Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли. Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига кириш ва чиқишлари мумкин. Қирғизистон ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам Ўзбекистонга киришлари мумкин. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларидан ҳеч қандай маълумот олинмади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳудудида бўлган Қирғизистон фуқаролари мамлакатни тарк этишлари мумкин ва Қирғизистон ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга киришлари мумкинлиги қайд этилди. Юк ташиш эса чекловларсиз амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги автойўл ўтказиш пунктларига нисбатан кириб-чиқиш бўйича чекловлар санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда бекор қилинган эди.

Аввалроқ эса 5 октябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган минглаб фуқаролар кўчаларда намойишлар ўтказгани хабар қилинди. Тинч бошланган ҳаракатлар кечки пайтга келиб ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан тўқнашувга айланди. Тўқнашувларда бир киши ҳалок бўлди, 686 киши жароҳатланди.

Аниқлик киритилди: Дастлаб хабарда Қирғизистон фуқаролари учун кириш чеклангани ҳақида маълумот берилган эди. Давлат божхона қўмитасининг аниқлик киритишича, чеклов фақат Ўзбекистон фуқароларига тегишли.