2 октябрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Аввалроқ Янгиқрғон тумани ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик бўйича рейтингида «қониқарсиз» баҳо олган эди. Сессияда ҳоким Асадулла Нажмиддиновнинг ҳисоботи тингланди.

Daryo нашрининг аниқлик киритишича, Асадулла Нажмиддинов туманни йил охирига қадар «ўрта», 2021 йилда эса «яхши» туманлар қаторига олиб чиқишга ваъда берди. Ҳоким агарда ваъда бажарилмаса, секторлар раҳбарлари истеъфога чиқишини маълум қилди.

Сессияда сўзга чиққан Сенат раиси Танзила Норбоева туман раҳбарлари ва депутатларни рейтингда ҳолати «қониқарли» деб баҳоланган ҳудудлар тажрибасини ўрганиш, туманда тайёрланган йўл харитасини депутатларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида қайта кўриб чиқишга чақирди.

«Депутатлар сўровчи эмас, талаб қилувчи бўлиши керак. Мана, Хўжаобод туманида маҳаллий кенгаш талаби билан ҳоким ишдан олинди-ку? Яқинда кенгашларда ишчи орган сифатида котибиятлар ҳам ташкил этилади. Бу уларнинг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш учун ташланган яна бир қадам бўлади», — деди Сенат раҳбари.

Танзила Нарбаева ҳар қандай даражадаги раҳбар ОАВ учун очиқ бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, президентнинг ҳам талаби шундай. Шахсан ўзи журналистларни энг яқин ҳамкори деб билишини ва улар билан мулоқотга доим тайёрлигини қўшимча қилди у.

Юқори палата спикери Наманганда ўзига ўт қўйган аёл воқеасига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ҳодиса бу қадар фожиали тус олмаслиги керак эди. Харид қилинган уй-жой билан боғлиқ масала чигал, муаммоли бўлса, ижросини кечиктириб туриш мумкин эди-ку? Ўртада бир аёл ҳалок бўлди, икки боласи етим қолди. Бундай ҳолатлар асло такрорланмаслиги керак, буни кескин қоралайман», — деди Сенат раиси.

Таҳлил натижаларига кўра ҳудудлар бизнесни ривожлантириш ҳолатига қараб «яхши», «ўртача» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилди. Вазият 48 та ҳудудда «яхши», 119 та ҳудудда «ўртача» ва 33 туман, шаҳарда «қониқарсиз» деб топилган.

«Қониқарсиз» баҳоланган ҳокимлар ва туманлар сектор раҳбарлари аҳолидан кечирим сўраб, вазиятни тўғирлашга ваъда беришди.