Россиянинг Камчатка ўлкасидаги Тинч океани қирғоғида ўнлаб ҳалок бўлган жониворлар ўликлари топилди. Greenpeace бу вазиятни экологик фалокат деб атади.

Камчатка аҳолиси сентябрь ойининг охирида сув рангининг ўзгариши ва денгиз фаунаси нобуд бўлаётгани тўғрисида хабар беришни бошлади, дея хабар берди РБК. Сувда бўлган одамлар ва серферлар кўзлари ачишаётгани ва заҳарланиш белгилари кузатилаётганлиги ҳақида маълум қилган.

2 октябрь куни ўлка Табиий ресурслар ва экология вазирлиги сув намуналари текширилганида, феноллар миқдорининг 2,5 баравар, нефть маҳсулотлари эса 3,6 баравар ошиб кетгани тасдиқлангани ҳақида хабар берди.

Камчатка ўлкаси маъмурлари содир бўлган воқеанинг учта эҳтимолий версиясини эълон қилди: техноген ифлосланиш, табиий ҳодиса (бир кун олдин минтақада бўрон бўлган) ва сейсмик фаоллик.

Камчаткада атроф-муҳит ифлосланиши ва жониворларнинг ҳалок бўлиши ҳолати юзасидан қирғоқ зонасидаги хўжалик фаолиятининг махсус режимини бузиш тўғрисидаги моддаси бўйича маъмурий иш қўзғатилган.

5 октябрь куни Тинч океанида жониворларнинг оммавий ўлими бўйича терговга қадар текширув материаллари Россия Тергов қўмитасининг марказий идорасига ўтказилгани маълум бўлди. Воқеа жойида Тергов қўмитасининг минтақавий департаменти криминалистлари иш олиб бормоқда.