1 майдан бошлаб Ўзбекистонда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини баҳолашнинг рейтинг тизими фаолият кўрсатмоқда. Тизим доирасида биринчи марта иқтисодий кўрсаткичлар, бизнесни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ҳамда туман ва шаҳарлардаги ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди.

Таҳлил натижаларига кўра ҳудудлар бизнесни ривожлантириш ҳолатига қараб «яхши», «ўртача» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилди. Вазият 48 та ҳудудда «яхши», 119 та ҳудудда «ўртача» ва 33 туман, шаҳарда «қониқарсиз» деб топилган.

Касби тумани сектор раҳбарлари. Фото: ЎзА.

Қашқадарё вилоятининг Касби тумани 13 та кўрсаткич бўйича рейтингда бошқа туманларга нисбатан пастроқ ўрин эгаллаган.

Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев туманнинг 2019 йилги рейтинг натижаларига кўра «қизил» зонага тушиб қолганлиги учун тўртта сектор раҳбарлари номидан туманнинг 197 минглик аҳолисидан узр сўради, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги.

«Агар блоггерлар, ҳурматли депутатлар ва туман аҳолиси томондан бизга яна бир имконият берилса, бизга ишонч билдирилса, биз ўзимизни ўнглаб, танқидий таҳлилдан хулоса чиқариб, вазиятни тўғирлашга ҳаракат қиламиз, туманнинг эртанги кунига бефарқ қолмаймиз. Халқимиздан кечирим сўраган ҳолда, бизга яна бир бор ишонч билдиришингизни сўраймиз», — деди у.

Тўхтамурод Мейлиев йил охирига қадар туман «сариқ» тоифага, 2021 йилнинг биринчи ярми охирига қадар эса «яшил» тоифага ўтишини таъминлашга ваъда берди.

Фото: «Ўзбекистон 24».

Навоий вилояти Томди тумани ҳокими Қайрат Алдабергенов вилоятда фақат битта банк — Халқ банки фаолият юритаётганини айтди. У йил охирига қадар туман «сариқ» тоифага, келаси йил эса «яшил» тоифага киришини таъминлашга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, жорий йил қиймати 50,9 млрд сўмлик 10 та лойиҳани, 2021 йилда эса 199,5 млрд сўмлик 18 та саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

«Томди туманининг рейтингда энг охирги ўринга тушиб қолгани учун, асосан, менинг раҳбарлигимдаги жамоа айбдор деб биламан. Томди тумани аҳолисидан кечирим сўрайман. Келажакда биз бундай камчиликларга йўл қўймасликка, шунингдек ўз мақсадларимизни рўёбга чиқаришга ваъда бераман», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида.

Сектор раҳбарлари ўз вазифларини бажара олмаган тақдирда ишдан кетишга ваъда беришди.

Фото: «Ўзбекистон 24».

Навоий вилояти Конимех тумани ҳокими Муратхан Эгамқулов ҳам аҳолидан кечирим сўраб, туманни ривожлантириш режалари ҳақида гапирди.

«Қайсидир жойда камчилигимиз бўлган, қайсидир жойда ҳаракатимиз бўлмаган. Биз барча тўртта сектор раҳбарлари билан биргаликда бундай аҳволга тушиб қолганимиз учун халқимиздан узр сўраймиз. Одамлар яхши яшаш ҳуқуқига эга экан, биз бунга бевосита масъулмиз. Қўлимизга қалам олиб, йўналишлар бўйича режалаштириб олдик: қаерда ва нима ишлаб чиқарамиз, одамларни қашшоқликдан қандай олиб чиқамиз, экспорт билан ишлаймиз. Ренессанс даври бўлаётган бир пайтда, керак бўлса, қўлимиздан келмаса, қўлидан келадиганларга жойни бўшатиб беришимиз керак», — дея таъкидлади у.

Kun.uz хабарига кўра, Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ва Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани секторлари раҳбарлари ҳам туманларни «қизил» тоифадан олиб чиқиш бўйича «йўл хариталари»ни тақдим этишди. Бундан ташқари, Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳокими аҳолидан кечирим сўради. «Халқ сўзи» Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳокимлигида шу масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди.

Zarnews.uz нашрининг хабар беришича, 6 октябрь куни Самарқанд вилоятида Пахтачи, Қўшработ ва Пайариқ туманлари секторлари раҳбарлари сўзга чиқиши кутилмоқда, улар нима учун туманлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича «қониқарсиз» баҳо олганини айтиб беришади.

Январь ойи бошида президенти Шавкат Мирзиёев кечирим сўраш айбдор бўлган давлат хизматчисини жазодан озод қилмаслигини таъкидлаган эди.

«Кеча телевизорда Бош прокуратура йиғилишидан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Маджидов билан суҳбатни кўрдим. „Ҳа, мен хато қилдим, кечирасиз“, — дейди. Ишлар кечирим сўраб ҳал қилинмайди, ҳамма қонун олдида жавоб бериши керак. Уч йил кечирилди, бу етарли! У вақтлар ўтди. Энди шунчаки узр сўраб қутилмайди, қонуний чоралар кўрамиз», — деган эди давлат раҳбари.

Июль ойида Тошкент шаҳрининг барча 11 тумани ҳокимлари аҳолига мурожаат қилиб, коронавирусга қарши олиб борилган курашда етарли даражада ишлар қилинмагани учун кечирим сўради.

2019 йил июль ойида уйларнинг оммавий бузилиш ҳолатлари учун президент танқидидан сўнг Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев (ҳозирда бош вазир ўринбосари), Қашқадарё вилоятининг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев (ҳозирда Жиззах вилояти Зарбдар тумани ҳокими) ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов кечирим сўрашди.