«Дарбанд — Бойсун — Элбаён» автомобиль йўлининг 76-километрида жойлашган Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан ўтувчи кўприкни реконструкция қилиш ишларига 9,6 млрд сўм сарфланади. Бу ҳақда Қумқўрғон тумани 340-сонли йўл бошқармаси бошлиғи Ҳусан Раҳимов Sevimli телеканалининг Zamon дастурига маълум қилди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, кўприк 1 йил 7 ой олдин фойдаланишга топширилган. Унинг қурилишига 6,5 млрд сўм маблағ сарфланган. Бироқ кўп ўтмай кўприкнинг таянч устунлари 1 метрга чўкиб, юқори плиталари қулаб тушди.

Объект Baxrom Universal МЧЖ томонидан қурилган, компания кўприклар қуриш лицензиясига эга эди, деди мутахассис.

«Кўприкни реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун 9,6 млрд сўм маблағ ажратилди. Энди қурилиш ишлари Сурхондарё вилоятидаги тажрибали компания — Xushboq-Ali-Angor томонидан олиб борилмоқда. Кўприк табиий офат туфайли шундай аҳволга тушиб қолди», — деди у.

Аввалроқ вилоят прокуратураси пудратчи шартномада назарда тутилган ишларни бажармаганлиги ҳақида хабар берган эди. Ушбу ҳолатдан прокуратура органлари хабардор эди, аммо Ўзбекистонда карантин чекловлари туфайли тергов тадбирларини ўтказиш ва далилларни олиш имкони бўлмаган. Шу сабабли 18 июль куни Термиз транспорт прокуратураси томонидан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ушбу қарор 29 сентябрь куни транспорт прокурори томонидан бекор қилиниб, ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2019 йил февраль ойида Ўзбекистондаги кўприкларнинг аниқ сони ва ҳолатини аниқлаш учун кўприкларни инвентаризациядан ўтказиш ишлари бошланган. Маълумотларга кўра, мамлакатдаги кўприкларнинг аксарияти 1970 йилларда ёки ундан олдинроқ қурилган.