Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни «Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан Молия вазирлигининг қуйидаги функциялари Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилади:

  • солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш ва сертификатни бериш;
  • солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш;
  • солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритиш.

Молия вазирлиги солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш курсларини, шу жумладан, масофадан ўқитиш шаклида ташкил этиш, шунингдек солиқ маслаҳатчиларининг малака имтиҳонларини тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашади. Идоранинг расмий сайтида солиқ маслаҳатчилари реестри жойлаштирилади ва мунтазам равишда янгилаб борилади.

Солиқ маслаҳатчиси адвокатлик тузилмалари, аудиторлик ташкилотларида ишлаган тақдирда, солиқ маслаҳати бўйича фаолиятда 3 йил мобайнида иштирок этмаганлиги учун унинг малака сертификати амал қилишини тугатишга йўл қўйилмайди.

Қарорга кўра, солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқлар бўйича хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари рўйхати юритилади.

«Таваккалчиликни таҳлил қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида аниқланадиган, йиллик айланмаси охирги уч йил мобайнида 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар (таваккалчилик даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно) ихтиёрий тугатилганда рўйхатга киритилган солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг солиқлар бўйича хулосалари солиқ органлари томонидан тан олинади.

Солиқ маслаҳатчиларига судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларида солиқ солиш, солиқ органларининг ҳужжатлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ва (ёки) ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситалари, аудио ва видео ёзиш қурилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

2021 йил 1 январдан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтида «солиқлар ва солиққа тортиш» ҳамда «бухгалтерия ҳисоби ва аудит» йўналишлари бўйича 4-курс бакалавриати ўқув дастурларига «солиқ маслаҳати» фани киритилади.

Шунингдек, ҳужжатда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ маслаҳатчилари ташкилотларига:

  • давлат солиқ ва божхона хизмати органлари билан муносабатларда солиқ тўловчининг манфаатларини ифодалаш;
  • солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этиш;
  • давлат солиқ хизмати органларининг талабномаларида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида хулосаларни солиқ тўловчи номидан давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш бўйича қўшимча ҳуқуқлар берилди.