Қорақалпоғистонда барча соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича келгуси 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Унга кўра, ҳар бир туманда 2 тадан фаолият тури ўзига хос «ўсиш нуқта"си этиб белгиланган.

Бу ҳақда 2 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент барча 16 та туманни янада равнақ топтириш мақсадида мазкур «ўсиш нуқталари» бўйича тадбиркорлик субъектлари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, тараққиёт даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янги ташкил этиладиган саноат корхоналарига ҳам 3 йил муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари берилади.

Ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга кучли туртки бериш, муаммоларни тезкор ҳал этиш учун уларга вазирлар ва банклар бириктирилди.

Йиғилишда келгуси 3 йилга мўлжалланган ўнта устувор йўналиш белгиланди:

  1. туманлар ва маҳаллаларни жадал ривожлантириш;
  2. аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш;
  3. инвестиция лойиҳалари амалга оширигш;
  4. Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш;
  5. хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;
  6. қишлоқ хўжалигини ривожлантириш
  7. аҳолини уй-жой билан таъминлаш;
  8. ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш;
  9. ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш;
  10. жиноятчиликнинг олдини олиш.

Президент мамлакатимиз йигит-қизларини мазкур ҳудуд ҳаёти билан таништириш мақсадида келгуси йили Қорақалпоғистонда Ёшлар фестивали ташкил этиш таклифини билдирди.