Сурхондарё вилоят прокуратураси Қумқўрғон туманида кўприкнинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳақидаги хабарлар юзасидан баёнот берди. Аввалроқ Daryo.uz нашри туманнинг «Кўганли» маҳалласида яшовчи аҳоли ҳудудда 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк ҳеч қанча вақт хизмат кўрсатмай қулаб тушганини, янги қурилаётган йўл ҳам худди шундай сифатсиз бажарилиб яроқсиз ҳолга келиб қолишидан қўрқаётгани ҳақида ёзган эди.

Аниқланишича, Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги 4р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 76 километрида жойлашган, узунлиги 66 погонаметр бўлган «Полвонтош» селгаси устидаги кўприкнинг оралиқ таянч устунлари 1 метрга чўкиши ва устки плиталари қулаши натижасида кўприк яроқсиз ҳолатга келиб, ҳозирги кунда пиёдалар ва автомашиналар ҳаракати чекланган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Сурхон қурулиш назорат ўлчов» МЧЖ ва вилоятавтомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассилари томонидан расмийлаштирилган далолатномага кўра, ўтказилган назорат ўлчовида пудратчи корхона томонидан ҳақиқатда бажарилган ишлар «Бажарилган ишларни тасдиқловчи счёт-фактура маълумотномаси»га (Форма-3) қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланмаган.

Лойиҳа смета ҳужжатларига нисбатан бажарилмаган ишлар хажми 34 млн 491 минг 265 сўмни ташкил қилишини ва мавжуд пудратчи ва буюртмачи ўртасида 2014 йил 21 апрелда имзоланган 3/ТО-2014-сонли шартноманинг 3-қисми (пудратчининг мажбуриятлари) 4-банди пудратчи томонидан тўлиқ бажарилмагани кўрсатилган.

Баёнотда мамлакатда эълон қилинган карантин чекловлари сабабли тергов ҳаракатларини ўтказишнинг имкони йўқлиги, мазкур ҳолатни ойдинлаштириш учун бошқа шахслардан ва мутахассислардан хулоса олиш имконияти мавжуд бўлмагани қайд этилди.

Шу сабабли 18 июль куни Термиз транспорт прокуратураси томонидан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ушбу қарор 29 сентябрь куни транспорт прокурори томонидан бекор қилиниб, ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.