1 октябрь куни соат 14:00 ларда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳ ва Мовароуннаҳр кўчалари кесишмасида Lacetti ҳайдовчиси яна олтита автомобиль иштирокидаги ЙТҲга сабабчи бўлди.

Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизматининг маълум қилишича, хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган 30 ёшли ҳайдовчи Т.А. ҳаракатини давом эттириб, Мустақиллик шоҳ кўчаси бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланиб, Оққўрғон-Мустақиллик шоҳ кўчалари кесишмасига етган вақтида ўзидан олдинда бўлган Matiz, Cobalt, Hyundai, Nexia, Spark ва Damas русумли транспорт воситаларига техник шикаст етказган. Шундан сўнг йўлнинг қарама-қарши бўлагини ажратиб турувчи қисмида, тунги вақтда ёритиш учун ўрнатилган симёғочга урилиб тўхтаган.

Натижада, тан жароҳати олганлар йўқ.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлиги сабабли ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, тезлигини меъёридан ошириб ҳаракатланганлиги маълум қилинди.