Telegram мессенжерининг Android учун 7.1 бета-версиясида каналлардаги постларга изоҳ қолдириш имкони пайдо бўлди, дея хабар беради Kod.ru. Аввал изоҳлар махсус ботлар орқали браузерда амалга оширилар эди. Бу айрим фойдаланувчилар учун ноқулайлик туғдирган. Эндиликда фикр билдириш учун мессенжердан чиқиш талаб этилмайди.

Изоҳлар намунаси. Фото: Kod.ru

Янги изоҳлар қандай ишлайди?

Telegram-каналда изоҳлар функциясини ёқиш учун унга гуруҳни (чат) улаш керак. Бунинг учун аввал гуруҳ яратиб, канал созламаларида: «Обсуждение» (Муҳокама) — «Добавить группу» (Гуруҳ қўшиш) тугмасини босиш керак.

Постлар остида қолдирилган изоҳлар — каналга уланган гуруҳда постга жавоб (Reply) кўринишда бўлади. Фойдаланувчи изоҳ қолдириши учун гуруҳ аъзоси бўлиши талаб этилмайди. Лекин фақатгина гуруҳ аъзолари ўз хабарларини таҳрирлай олади.

Бундан ташқари, гуруҳ администраторлари аноним тарзда хабар қолдиришлари мумкин, бу махфийликни янада оширади.

Ҳозирда изоҳлар функцияси фақатгина бета-версияда қўллаб-қувватланади.

Кенгайтирилган бўлишишлар статистикаси

Каналлар администраторлари учун яна бир янги функция — хабар билан бўлишган каналлар рўйхатини (репостлар) кўриш имкони пайдо бўлди. 7.1 версиягача фақат бўлишишлар сонини кўриш мумкин эди.

Кенгайтирилган статистика намунаси. Фото: Beta Info канали

Янги бета-версияда эса каналдаги хабар билан бўлишган оммавий каналларни кўриш мумкин. Функция фақат администраторлар учун мавжуд. Бундан ташқари, приват каналлар ва фойдаланувчилар томонидан бўлишишлар рўйхатда кўринмайди.

Ҳозирда изоҳлар фақат Android ва macOS платформаларида синов тариқасида киритилган.