Ўзбекистон энди чегараларни ёпмайди, энди интернет узлуксиз ишлайди. Бу ҳақда 30 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида қилган нутқида маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Ўзбекистон ҳозирги кунда очиқ, энди уни аввалгидай ёпиб қўйишнинг иложи йўқ. Энди чегараларни ёпмаймиз, энди интернет узлуксиз ишлайди. ОАВ ходимларига яна бир бор миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди. Катта синовлардан ўтяпмиз, баъзилар ОАВ нинг саволларига, ОАВ муҳитини яратишга чидай олмаяпти, адолат овозини эшитишни хоҳламаяпти. Лекин эшитишга мажбур бўлади ёки хайрлашамиз», — деди у (видео).

2019 йилнинг ноябрида давлат раҳбари «баъзи раҳбарлар халқ ва матбуот билан мулоқот қилишда мулоқот маданиятини унутиб қўйишини» таъкидлаган эди.

Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов тўрт йил ичида Ўзбекистондаги матбуот катта эркинликка эга бўлгани, журналистлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ҳақиқий воқеаларни ёритишни бошлаганини маълум қилган эди.

Ўз навбатида, у журналистлар ва блоггерларда ҳанузгача қўрқув борлигини, акс ҳолда натижалар янада яхши бўлишини қўшимча қилди. Кенгаш раҳбари, шунингдек, маълум доиралар вакиллари томонидан давом этаётган цензурани, давлат хизматчиларининг таҳдидлари ва босимини ҳамда ўз-ўзини цензурани таъкидлаб ўтди.

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 180 давлат орасида 156-ўринни эгаллаб турибди.