«Ўзбекистон 24» телеканали мамлакатдаги коррупция ҳолатларига бағишланган телелавҳада Тошкентда Халқ депутатлари туман кенгаши, ОТМга киришдаги ва бошқа таъмагирлик ҳамда коррупция ҳолатлари тўғрисида маълум қилди. Тезкор тадбирлар Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилди.

Телеканал маълумотларига кўра, Тошкентда Халқ депутатлари туман кенгашларидан бирининг депутати бўшаб қолган жойлар учун туман кенгаши депутатлигига сайланишда ёрдам беришни ваъда қилиб, бир фуқародан 3000 доллар сўраган. У аванс сифатида 1500 доллар олган вақтида ушланди.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшовчи 18 ёшли фуқаро Гулистонда яшовчи 17 ёшли жиноий шериги билан бирга бир фуқаронинг ишончига кириб, уни Чимкентдаги М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 2000 доллар олган вақтда ушланди.

Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи (1997 йилда туғилган) шахс Марғилонда истиқомат қилувчи фуқарони Қирғизистоннинг Ўш давлат университети тиббиёт факультетига ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 1350 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд вилояти Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимаси 1200 доллар эвазига бир фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига фаррошликка ишга киришида ёрдамлашишга ваъда берган. Поликлиника ходимаси дастлаб 400 доллар олган. У қолган 800 долларни олаётган вақтида ушланди.

Жиззах вилояти Бахмал туманида (икки марта судланган) фуқаро фермер хўжаликларидан бирининг раҳбаридан 2020 йилги пахта теримига хўжалик номидан ўзи ёлланма ишчиларни топиб, жўнатиб беришни айтиб, бунинг учун 6 миллион сўм талаб қилган. Судланган фуқаро агар фермер ушбу пулни бермаса, у ҳокимиятда ишлайдиган танишлари орқали мазкур фермер хўжалиги ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилган. Ҳуқуқбузар айтилган пулдан 5 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.